Қарағандадаги ферроқотишма заводида юз берган аварияда ҳалок бўлганлар сони тўрт кишига етди

freepik.com сайти фотосурати

YDD Corporation ферроқотишма заводида жабрланган саккиз нафар ишчидан яна иккитаси Мукажанов номидаги Қарағанда касалхонасида вафот этди, шу тариқа фавқулодда ҳолат натижасида ҳалок бўлганлар сони тўрттага етди, деб ёзади Forbes.kz.

«1981 ва 1987 йилларда туғилган беморлар ҳушига келмай вафот этган. Шифокорлар уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун охиригача курашганлар. Ҳалок бўлганларнинг яқин қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.

Нашрнинг ёзишича, ҳалок бўлганлар эритиш цехи механиги Дмитро Адамчук ва бош механик хизмат устаси Толеген Жетписбаев бўлган. Компаниянинг яна тўрт нафар ишчиси аҳволи оғирлигича қолмоқда.

20 июлга ўтар кечаси 1-сонли завод печида аланга чиқиб, 8 нафар ишчи оғир тан жароҳати олган. Душанба куни 31 ёшли ўчоқ бошлиғи Музафар Исмоилов вафот этган. Икки кундан кейин танасининг 90 фоизи куйган 25 ёшли технолог Ерулан Казкен касалхонада оламдан ўтган.

Воқеа юзасидан ҚР Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми «Меҳнат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида соғликка оғир шикаст етказиш» билан жиноят иши қўзғатилган.

YDD Corporationнинг ферроқотишма заводи Қарағандада жойлашган. Йилига 240 минг тоннага яқин ферросилиция ишлаб чиқаради. «YDD Corporation» МЧЖ таъсисчиси компаниянинг ҳаммуаллифи, собиқ парламент депутати Эрлан Ниғматулин ҳисобланади. 2021 йили у Forbes Kazakhstan нашрига кўра Қозоғистоннинг энг нуфузли 50 нафар бизнесменлари рейтингига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ