Москванинг экстрадиция сўровига кўра бир йил ҳибсда ушлаб турилган россиялик аёл Наталья Нарская Олмаотадаги тергов изоляторидан озод этилди, дея хабар беради Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюроси (ҚИҲХБ).
Нарскаянинг ватанида «экстремизмга даъват қилиш»да айбланмоқда. Москвалик фуқаро МҲО бошлангандан кейин Қозоғистонга кўчиб ўтган ва 2023 йил июль ойида ҳибсга олинган. Таҳминларга кўра, ҳибсга олинишига унинг Кремль сиёсатини танқид қилган «24.02.2022/Гувоҳлар» дастурига берган интервьюси сабаб бўлган.
Дастлаб Нарская экстрадиция хавфига дуч келган. У қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган, бироқ Қозоғистон расмийлари унга бу мақомни рад этишган. Айни пайтда ушбу қарор устидан шикоят қилиш жараёни давом этмоқда, шунинг учун яқин келажакда, қонунга кўра, у экстрадицияга дуч келмайди, дея таъкидлайди ҚИҲХБ. Нарскаянинг ўзи экстрадиция сўрови муносабати билан ҳибсга олиш муддати тугаганидан сўнг тергов изоляторидан озод этилган.
Хабар қилинишича, Наталья Нарская тергов изоляторида бўлганида асабий тушкунликка учраган.
Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) бошлангандан сўнг, унга қарши чиққан россияликларнинг бир қисми мамлакатни тарк этиб, Қозоғистонга кўчиб ўтган. Айни пайтда республика ҳукумати ватанида иш очилган россияликларни ҳибсга олишни бошлаган. Улардан баъзилари Россияга қайтарилган, аммо, Саха Республикасидан келган рок мусиқачиси Игорь Иванов (Айхал Аммосов) ҳали ҳам ҳибсда.
Март ойи охирида, Олмаотадаги ҳибсхонада бир йил ўтирган россиялик анархист Денис Козак озодликка чиқди. Ҳозирда у инсонпарварлик визаси билан Европа давлатларидан бирида.