Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимовни афв этмади

Карим Масимов. Tengrinews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлатга хиёнат ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганликда айбланган собиқ Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимовни афв этишдан бош тортди. Бу ҳақда Informburo.kzга давлат раҳбари администрацияси маълум қилди.

Администрациянинг эслатишича, маҳкумнинг аризаси 27 июнь куни Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия томонидан кўриб чиқилган. «Масимовга нисбатан афв этиш тўғрисидаги актни қўллаш имкониятини ўрганиш натижаларига кўра комиссия давлат раҳбарига тегишли таклиф киритди ва у бунга рози бўлди», — дейилади нашр сўровига жавобда.

Қайд этилишича, жорий йил март ойида Тўқаевга юборилган петиция муаллифи қарор ҳақида хабардор қилинган.

Карим Масимов мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевга энг яқин ҳисобланган. Ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазири, администрация раҳбари ва президент ёрдамчиси лавозимларида ишлаган. 2016 йил сентябрь ойидан бошлаб Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келганва 2022 йил 5 январда оммавий тартибсизликлар оқибатида ишдан бўшатилган. Ўша йилнинг 8 январида МХҚ Масимовни давлатга хиёнатда гумон қилиб, ҳибсга олинганини эълон қилган.

2023 йил апрелида Остона шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилган. Мамлакат хавфсизлик хизматининг собиқ бош чекисти давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди.

У ҳукмга эътироз билдирмоқчи бўлди, бироқ апелляция суди уни ўз кучида қолдирди.

Ҳозирда маҳкум Остонадаги МХҚ тергов изоляторида сақланмоқда. Унга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси 3-қисми («Жиноий йўл билан олинган пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни легаллаштириш»), шунингдек ЖКнинг 366-моддаси 4-қисми («Катта миқдорда пора олиш») билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ