YDD Corporationнинг ферроқотишма заводида содир бўлган бахтсиз ҳодисада жабрланган саккиз ишчидан бири вафот этди, деб хабар беради Қарағанда вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Власть.kz нашрига.
1993 йили туғилган жабрланувчи танасининг 85 фоизи куйиб кетган. Воқеа содир бўлганидан бери у оғир аҳволда бўлган.
YDD Corporationнинг аниқлик киритишича, марҳум ўчоқ бошлиғи Музафар Имантайули бўлган. «Ушбу оғир дамда Музафарнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Музафар оиласи дуоларимизда. Биз уларнинг мазкур мусибат даврини енгиб ўтишлари учун қўлимиздан келганини қиламиз», — дейилади компаниянинг Instagramдаги хабарида (РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли тармоқ – таҳр.изоҳи).
20 июль, шанбага ўтар кечаси YDD Corporationнинг ферроқотишма заводида ўчоқдан аланга чиққан, натижада заводнинг саккиз нафар ишчиси турли даражадаги жароҳатлар олган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси 6 нафар жабрланувчининг аҳволи ўта оғир деб хабар берганди. Уларнинг барчаси профессор Макажанов номидаги кўп тармоқли шифохонага ётқизилиб, даволанишга Россия ва Туркиядан шифокорлар жалб этилган.
Воқеа юзасидан ҚР Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми «Меҳнат хавфсизлиги қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида соғликка оғир шикаст етказиш» билан жиноят иши қўзғатилган.
YDD Corporationнинг ферроқотишма заводи Қарағандада жойлашган. Йилига 240 минг тоннага яқин ферросилиция ишлаб чиқаради. «YDD Corporation» МЧЖ таъсисчиси компаниянинг ҳаммуаллифи, собиқ парламент депутати Эрлан Ниғматулин ҳисобланади. 2021 йили у Forbes Kazakhstan нашрига кўра Қозоғистоннинг энг нуфузли 50 нафар бизнесменлари рейтингига киритилган.