Қозоғистонлик олигарх Нурлан Тлеубаевга фирибгарлик жинояти бўйича янги ҳукм чиқарилди

Нурлан Тлеубаев. orda.kz сайти фотосурати

Delta Bank ва «Казинвестбанк» нинг собиқ йирик акциядори Нурлан Тлеубаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм 19 июль куни Жиноят ишлари бўйича Остона туманлараро суди томонидан чиқарилди, дея хабар беради Қозоғистон пойтахти судлари матбуот хизмати.

Иш материалларида айтилишича, Тлеубаев 2015 йили Delta Bankнинг ҳақиқий эгаси ва 140 юридик шахсни ўз ичига олган «Алиби» компаниялар гуруҳи раҳбари бўла туриб, 4 миллиард тенгедан (ўша пайтдаги курс бўйича 22 млн доллар ёки бугунги кунда 8,4 млн доллар) ортиқ маблағни олдиндан қайтариб бўлмайдиган кредитлар бериш орқали ўзлаштирган. У «Н» акциядорлик жамиятидан (АЖ) давлат пул маблағларини агросаноат мажмуи субъектларини молиявий соғломлаштириш бўйича «Агробизнес-2020» дастури доирасида ўз назоратидаги корхоналар ҳисобварағига тўлов ва мақсадли фойдаланиш шартларида ўтказган.

Гаров ўрнида «келажакда тушадиган» 4,8 миллиард тенге эвазидаги 76 минг тонналик сохта дон тилхати ва умумий майдони 16 541 гектар бўлган ер участкалари бўлган. Шу билан бирга, 14 минг гектар унинг фойдаланувчилари — Шимолий Қозоғистон вилояти аҳолиси хабарисиз гаровга тикилган.

2016 йили кредит тўловлари тўхтатилган, ер участкаларига бўлган барча ҳуқуқлар тўлиқ ҳажмда акциядорлик жамиятига ўтказилган.

Шундай қилиб, Тлеубаевнинг хатти-ҳаракатлари билан ердан фойдаланувчиларнинг давлат томонидан уларга фермер хўжалиги юритиш учун ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, ушбу ер участкаларидан фойдаланганлик учун дивиденд (улуш) олиш ҳуқуқи бузилган, дея таъкидлайди Остона судлари матбуот хизмати.

Суд Тлеубаевни Қозоғистон Жиноят кодексининг 190-моддаси 4-қисми 2-банди («Такроран ва ўта йирик миқдордаги фирибгарлик») билан айбдор деб топган ва 6 йилу 8 ойга озодликдан маҳрум қилган. Аммо 2023 йил июнь ойида Тлеубаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани ва Жиноят кодексининг 56-моддаси енгилроқ жазони қўллашни назарда тутгани сабаб, тадбиркорга якуний ҳукм қуйидагича чиқарилган: «10 йил муддатга молия ташкилоти, банк ва суғурта холдинг компаниясининг раҳбар ходими лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, ҳамда йирик иштирокчи (асосий акциядор) бўлиш умрбод тақиқланган ҳолда молия ва тижорат ташкилотларида 10 йил муддатга молиявий масъулият ва раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган».

Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган.

Шунингдек, 2021 йили Тлеубаев икки марта ҳукм қилинганини ҳам қайд этамиз: ўшанда у 5,5 ва 9 йилга қамалган.

ℹ️ Нурлан Тлеубаев 1966 йили туғилган. Жиноий жавобгарликка тортилгунга қадар у «Forbes» журнали томонидан Қозоғистоннинг энг нуфузли ва энг бой тадбиркорлари рўйхатига киритилган. У «Холдинг «Алиби» қишлоқ хўжалиги корпорациясининг 87% акцияларига, «Дон суғурта компанияси»нинг 50% акцияларига, шунингдек «Азовский портовый элеватор» (Россия) ва «Вентспил дон терминали» (Латвия) корхоналарининг бош компанияси – «АПК-Инвест корпорацияси»га эгалик қилган. Тлеубаев, шунингдек, 2016 йил декабрь ойида «тўлов ва ўтказма операциялари бўйича шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун» лицензиясидан маҳрум қилинган «Казинвестбанк»нинг йирик акциядори бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ