Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров 18 июль куни бўлиб ўтган музокаралардан сўнг йирик ўзбек-қирғиз лойиҳаларини ишга тушириш бўйича онлайн маросимда иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Мирзиёев ва Жапаров расман қуйидаги объектларга старт бердилар:
👉 Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги савдо ускуналари ва енгил автомобилларни йиғиш заводи. UzAuto Motors матбуот хизматининг аниқлик киритишича, гап Tulpar Motors автомобиль заводи ҳақида кетмоқда. Корхона 4,7 гектар майдонда жойлашган бўлиб, «Кобальт», «Оникс» ва «Трекер» русумли енгил автомобиллар, юк машиналари ишлаб чиқаради. Биринчи босқичда йилига 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлса, кейинчалик бу режа 30 мингтага етказилади. Завод 500 кишини иш билан таъминлайди;
👉Қора-Балта шаҳрида тикув-трикотаж маҳсулотлари ва мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 17 минг тонна трикотаж мато ва 7 миллион дона трикотаж маҳсулот ишлаб чиқаради;
👉 Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 мегаватт бўлган иккита қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди. Ушбу станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилиши кўзда тутилган.
Музокаралар Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Томонлар қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қарор қилдилар:
▶️ Давлатлараро кенгаш тузиш;
▶️ Тошкент ва Бишкек шаҳарларида савдо уйларини очиш;
▶️ яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш учун экспорт-импорт шартномалари портфелини яратиш;
▶️ қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини жадал ташиш учун «яшил йўлак»ни ишга тушириш;
▶️ Ўзбекистон-Қирғизистон жамғармасининг устав капиталини 200 миллион долларгача ошириш;
▶️ Маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш.
Тор ва кенгайтирилган таркибдаги олий даражадаги музокаралар якунида қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:
✅ Президентларнинг ҳар томонлама стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёноти.
✅ Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим;
✅ Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
✅ Меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
✅ 2024-2030 йилларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
✅ 2024-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ва бошқа ҳужжатлар.