Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси сафида жанг қилган Наманган вилоятида яшовчи Ғолиб Алиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») билан беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
Суд мажлисида Алиев ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг сўзларига кўра, 2016 йили Россияга ишлаш учун келган, бироқ орадан маълум вақт ўтиб яна бир мигрантни ўлдиргани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.
2022 йил 1 сентябрда «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин Алиев сақланаётган Тамбов яқинидаги колонияга МҲО (Россия томонидан эълон қилинган Украинадаги махсус ҳарбий операция )га маҳбусларни ёллаш учун келган. Пригожин олти ойлик шартнома тузган маҳбуслар учун ойига 175 минг рубль (жами 1,2 миллион рубль) тўланишини, судланганлиги бекор қилинишини ва Россия фуқаролиги берилишини ваъда қилган.
«700 ёки 800 га яқин маҳбус жанг қилишга рози бўлди. Мен қамоқхонадан қутулиш учун рози бўлдим», — дейди Алиев.
Ҳарбий лагерда тайёргарликдан ўтиб, октябрь ойи бошида Алиев асосий жанглар бўлиб ўтаётган Луганскга жўнайди. 2023 йил январь ойида у елкасидан яраланган ва касалхонада ўзига келган.
«2023 йилнинг 17 февраль куни ҳарбий госпиталдан чиқдим. Менга 600 минг рубль миқдорида рағбат пули берилди», — дейди судланувчи.
Госпиталдан чиққач, Алиев Луганскдаги ҳарбий озиқ-овқат омборини қўриқлаган. Март ойида шартнома муддати тугаган ва ўзбекистонликни Ростовга жўнатишади. Бу ерда Алиевга «За отвагу» кўкрак нишони топширилган ва август ойида Россия фуқаролиги берилган.
Алиев декабрь ойида ватанига қайтган. Тез орада унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси билан иш очилади. Алиевнинг сўзларига кўра, у тезроқ озодликка чиқиш ва уйига қайтиш учун урушда қатнашган.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, ёлланиш жинояти учун Жиноят кодексининг 154-моддасида кўзда тутилган энг кам жазо 5 йиллик қамоқ жазоси ҳисобланади. Бироқ, суд баъзида анча енгилроқ ҳукмларни чиқаради. Шу тариқа, бундан аввалроқ мазкур модда бўйича бир ўзбекистонликка 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишлари, бошқасига эса уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.