Қозоғистон ҳукумати ва Миллий банки судда ютқазган Молдова Стати олигархлари билан низони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қозоғистон Адлия вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.
Таъкидланишича, томонлар ўртасида Қозоғистондаги нефть-газ активлари бўйича узоқ вақтдан бери давом этаётган баҳсни тинч йўл билан ва ўзаро мақбул тарзда ҳал этиш бўйича қонуний кучга эга бўлган базавий битим Tristan Oilнинг етакчи кредиторлари қўллаб-қувватлаши ва розилиги билан тузилган.
Битим шартлари махфийдир, бироқ Адлия вазирлигининг аниқлик киритишича, улар ўзаро манфаатли бўлиб, барча суд жараёнлари ва юрисдикцияларда давом этаётган даъволарнинг тўхтатилишига олиб келади.
«Ушбу шартнома давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва бюджет маблағларини сарфлашни назарда тутмайди. Ўйлаймизки, бу қадам мамлакатимизга янги сармояларни жалб қилиш ва иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатади», — дейди Қозоғистон адлия Азамат Ескареев.
Ўз навбатида, Молдова ишбилармонлари манфаатларини ҳимоя қилувчи Дэниел Чапман ҳам рамка келишувини қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Мазкур можаронинг ҳал этилиши Қозоғистоннинг халқаро шартнома мажбуриятларига риоя қилишини кўрсатади, бу эса инвестицияларнинг кўпайишига йўл очади ва унинг иқтисодий ўсиши салоҳиятини оширади. Биз Қозоғистон учун бошланган янги даврни олқишлаймиз», — деган Чапман.
ℹ️ Молдовалик олигархлар Анатоль ва Габриэль Стати 2010 йили Қозоғистон устидан ўзларининг мол-мулки босқинчилик йўли билан тортиб олингани борасида судга мурожаат қилган. Қозоғистон расмийлари барча айбловларни рад этади. 2008 йили Анатоль Статининг республикадаги мол-мулки ва ҳисоб рақамлари ҳибсга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ноқонуний даромад олганликда ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаган. 2013 йили Стокгольм Савдо палатаси арбитражи Стати даъволарини қўллаб-қувватлаб, Қозоғистонни Энергетика Хартияси шартномасини бузган деган қарорга келиб, ишбилармонларга 545 миллион доллар тўлаш мажбуриятини республикага юклаган. Кейинчалик Қозоғистон бу қарорларнинг айримларига қарши чиқишга ва ҳибсга олинган мулк миқдорини 530 миллион долларгача камайтиришга муваффақ бўлган.
2021 йил июнь ойида Бельгия суди Статига товон тўламагани сабаб, Қозоғистон Миллий жамғармасининг 542 миллион долларлик активларини музлатиб қўйилишини маъқуллаган. Суд ҳисоботида айтилишича, Молдова олигархлари дунё бўйлаб даъво қилган Қозоғистоннинг барча активлари 6,25 миллиард долларга баҳоланган.
2022 йил 14 июнь куни Гаага апелляция суди «Самрук-Казына» АЖнинг KMG Kashagan B.V.даги акциялари мажбурий фойдаланишга қарши суверен иммунитетга эга эканини қайд этган. 2017 йили Стати даъвосига қўра судгача қўйилган ҳибс бекор қилинган ва жамғарманинг илгари ҳеч қандай чекловларсиз мустақил эгалик қилиш ҳуқуқи тикланган.
Ўтган йил сентябрь ойида Қозоғистон Адлия вазирлиги ва «Самрук-Казына» АЖ Молдова олигархларига қарши суд жараёнларида якуний ғалабага эришганди.