Россия ИИВ Ўзбекистонга фамилиясини ўзгартирган фуқаролар тўғрисида мунтазам маълумотлар алмашишни таклиф қилди

Пўлат Бобожонов ва Владимир Колокольцев. Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати видеосидан кадр

Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида исм-шарифи, туғилган жойи ва бошқа шахсий маълумотларини ўзгартирган республика фуқаролари тўғрисида мунтазам равишда маълумотлар алмашишни таклиф қилди. Бу ҳақда РФ Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Пўлат Бобожонов билан бўлиб ўтган расмий йиғилишда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:

▶️ Россия ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларининг, шунингдек, Ўзбекистондаги Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш;

▶️ улар ўртасида жиноят содир этилишининг олдини олиш, ноқонуний миграцияга чек қўйиш;

▶️ жиноятчиликка, шу жумладан кибержиноятларга, фирибгарликка, гиёҳванд моддалар савдосига ва трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашиш;

▶️ қидирувдаги фуқароларни қўлга олишда тармоқ хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш.

Колоколцев, жумладан, Россияга асосий миграция оқими МДҲга аъзо давлатлар фуқароларига тўғри келишини таъкидлади. Сабаби, визасиз кириш тартиби ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) ягона меҳнат бозори мавжудлигидадир.

Бироқ, РФ ИИВ раҳбарининг таъкидлашича, меҳнат мигрантларининг барчаси ҳам ҳуқуқий маконда фаолият юритишмайди, ноқонуний мигрантлар аниқланиб, жавобгарликка тортилмоқда. Колокольцев Ўзбекистон ҳукуматини миграция оқимини тартибга солиш, бу борадаги салбий тенденцияларни камайтириш ва икки давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор муҳим йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди. Жумладан, у қуйидагиларни таклиф қилди:

👉 шахсий маълумотлар алмашинуви соҳасидаги маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам шартномасига қўшилиш;

👉 республиканинг судланган фуқароларини учётга олиш учун Давлатлараро ахборот банкига маълумотларни юбориш;

👉 Шахсий маълумотларини ўзгартирган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида доимий равишда маълумотлар алмашинувини ташкил этиш.

Россия ва Ўзбекистон ИИВ раҳбарлари Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази ва Россия ИИВ Ахборот-коммуникация технологияларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашни ташкил этиш департаменти ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ташкил этишга келишиб олдилар. Учрашув якунлари бўйича томонлар тегишли баённомани имзоладилар.

Шу куни Колокольцев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

Суҳбат бошида Мирзиёев куни-кеча Доғистонда содир бўлган теракт оқибатида ҳалок бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Кейин томонлар терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик ва рақамли экспертиза соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилди. Миграция соҳасида ҳамкорлик механизмларининг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ℹ️ Россия президенти Владимир Путин жорий йил 26-28 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Россия Федерациясида миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари яшаб, меҳнат қилаётганини таъкидлаганди. У Россия ҳукумати уларга муносиб меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун барча зарур ишларни қилганини ва бундан кейин қилишини айтиб ўтганди.