Йил бошидан буён Ўзбекистонда 43,6 миллион долларлик энергия ресурслари ўғирлангани фош этилди

Электр ҳисоблагич. gidcen.ru сайти фотосурати

Йил бошидан буён Ўзбекистонда 552,5 миллиард сўм (43,6 миллион доллар)лик энергия ресурслари ўғирлангани фош этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот котиби Хасан Тошхўжаев брифингда маълум қилди, дея вазирлик сайтида хабар берилди.

«Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2024-йил 1-январдан 15-июнгача ўтказилган 40,8 мингта назорат тадбирлари чоғида жами 38,8 мингта ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Мазкур ноқонуний ҳолатларнинг 13,5 мингтаси табиий газдан, 25,3 мингтаси эса электр энергетикасидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқдир», — дейди Тошхўжаев.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг аксарияти Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида аниқланган.

Ҳисобот даврида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида давлатга 255,2 миллиард сўм (20,14 миллион доллар), электр энергиясидан кўрилган зарар 297,3 миллиард сўмни (23,46 миллион доллар) ташкил этган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 359,6 миллиард сўмлик (28,4 миллион доллар) 715 та жиноят иши, шунингдек, 17,2 минг маъмурий иш қўзғатилган.

Энг ёмон ҳолатлардан Тошхўжаев Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг электр асбобларини ҳисоблагич ёнидан улаб, 3 миллиард сўм (236,8 минг доллар) миқдорида зарар етказганини мисол қилиб келтиради. Қуйидагилар электр ресурсларини ноқонуний равишда исроф қилишган:

👉 Фарғона вилоятининг Риштон туманида фаолият юритувчи МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган компрессор агрегатлари тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 3 миллиард 600 миллион сўмлик (284,1 минг доллар) электр энергияси талон-торож қилинган;

👉 Хоразм вилояти Урганч туманидаги фермер хўжалиги газ таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланиб, давлатга 3,37 миллиард сўм (266 минг доллар) миқдорида зарар етказган.

ℹ️ Ўзбекистонда электр тармоғига ноқонуний уланганлик учун амалдаги тариф бўйича етказилган зарарнинг камида уч баравари миқдорида жарима солинади. Қурилмаларни тармоққа ноқонуний улангани учун етказилган зарарнинг беш баравари миқдорида жарима солинади. Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ёки газ таъминоти тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёки электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш приборларини, шу жумладан пломбаларни қасддан бузиш, ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини ўзгартириш – беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ