Ўзбекистон фуқаролари ўз давлатининг Россиядаги элчихонасининг call-марказига Москвага учиб келганда ёки Шереметьево аэропорти орқали транзит ўтишда қийинчиликлар юзага келаётгани ҳақида шикоятлар билан тез-тез мурожаат қила бошлаганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон дипмиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Элчихонанинг тушунтиришича, қийинчиликлар аэропортнинг тегишли хизматлари томонидан «қўшимча ва ҳаддан ташқари узоқ» текширувлар ўтказилаётгани билан боғлиқ.
«Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида элчихона томонидан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат йўлланди. Шунингдек, элчихонанинг консуллик бўлими «Шереметьево» аэропортининг чегара назорати хизмати билан доимий алоқада бўлиб турибди», —дейилади хабарда.
ℹ️ 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида йирик теракт содир этилгани ва унда Тожикистон фуқаролари айбланаётгани сабаб, Россияга кириб келаётган Марказий Осиё давлатлари фуқароларига нисбатан текширувлар кучайтирилган. Текширувлар асосан тожикистонликларга тегишли бўлиб, натижада расмий Душанбе Москвадан тушунтириш талаб қилганди. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 30 апрель куни тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Мухриддинга қўнғироқ қилиб, текширувлар кучайтирилиши вақтинчалик экани ва улар муайян миллат ёки динга қарши қаратилганмаганини таъкидлаган. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Лавровнинг сўзлари «реал вазиятга мос келмайди» деб жавоб берган.
3 май куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Ўзбекистон фуқаролари РФга киришда ҳеч қандай муаммога дуч келмаётганига ишонтирганди.