Тўқаев Киевда қозоқ мухолифатчисига уюштирилган суиқасдни текшириш ишларида ёрдам беришни таклиф қилди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Киевда мухолифатчи журналист Айдос Содиқовга уюштирилган суиқасдни текшириш ишларида ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 19 июнь куни тошқин оқибатларини бартараф этишга кўмаклашган қозоғистонликларни тақдирлаш маросимида маълум қилди.

«Мен дипломатик маҳкама ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ушбу жиддий воқеа юзасидан Украина томонига расмий сўров юборишни топширдим. Агар керак бўлса, Қозоғистон расмий органлари ҳақиқатни аниқлашда ёрдам бериш учун тергов ишларига қўшилишга тайёр», — дея президент сўзларидан иқтибос келтиради Оқўрда матбуот хизмати.

Содиқов миллионлаб аудиторияга эга YouTubeдаги «Бәсе» каналининг муаллифи. Бир кун аввал Киевнинг Шевченковский туманида номаълум шахс уни отиб ташлаган. Ҳозирда мухолифатчи операция қилингани маълум, шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.

«Жамиятимиздаги барча низо ва келишмовчиликлар фақат ҳуқуқий доирада, амалдаги қонунчилик асосида, халқаро нормаларга мувофиқ ҳал этилиши керак. Кеча Киевда Қозоғистон фуқароси Айдос Содиқовга нисбатан содир этилган жиноятни айнан шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш зарур», — дейди Тўқаев.

Таъкидлаш жоиз, Айдос ва Наталья Содиқовлар 2014 йилдан бери Украинада яшайдилар, иккаласи ҳам қочқин мақомига эга. Содиқовлар ўзларининг YouTubeдаги «Бәсе» каналида Қозоғистон ҳукуматини танқид қилувчи видеоларни жойлаштиришган. Каналга юкланган сўнгги видеода президент Қосим-Жомарт Тўқаев «Россия таъсири остидаги қўғирчоқ» деб аталган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ