Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки давлат идорасига янги раҳбарларни тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Алмаз Айилчиев Адлия вазири, Алмаз Имангазиев эса Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири лавозимларига тасдиқланди.
Бунга қадар номзодлар Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенеш депутатлари томонидан масъул лавозимларга маъқулланган эди. Тегишли жараён 9 сентябрь куни Жогорку Кенешнинг навбатдаги мажлисида бўлиб ўтди. Вазирлик лавозимларига номзодлар ҳақида маълумотни президент ва ҳукуматнинг парламентдаги вакили Бектур Зулпиев тақдим этди.
Жогорку Кенеш матбуот хизмати хабар беришича, депутатлар Малик Бектургановни мамлакат Бош прокурори лавозимига тайинлашга ҳам розилик берди. Энди ушбу амалдор назорат органи раҳбари вазифасини бажарувчи мақомисиз фаолият юритади.
Бундан ташқари, парламент мажлисида ҳукуматнинг бир қатор аъзолари қасамёд қабул қилди. Улар орасида юқорида қайд этилган Вазирлар Маҳкамаси вакилларидан ташқари, Бош вазир ўринбосари Улан Маматканов, Молия вазири Руслан Сўйналиев, Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Максат Асаналиев ҳам бор.
Шундан сўнг Қирғизистон президенти Садир Жапаров депутатлар олдида нутқ сўзлади. У мамлакат тараққиёти, иқтисодий ўсиш ва жамиятдаги барқарорлик қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг самарали фаолиятига бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.
«Давлат фақат президент, Жогорку Кенеш ва Вазирлар Маҳкамаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича ўзаро англашув ва конструктив ҳамкорлик асосида ишлаган тақдирдагина ишонч билан олға ҳаракат қила олади», — дея Жапаров ўз фикрини якунлади.
ℹ️ Алмаз Айилчиев Адлия вазири лавозимига тайинлангунига қадар мамлакат раҳбари Администрациясида президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий таъминоти бошқармаси бошлиғи ўринбосари — ҳуқуқий таъминот бўлими мудири лавозимида ишлаган. У янги лавозимда БМТ ҳузурида Қирғизистоннинг доимий вакили лавозимига тасдиқланган Аяз Баетовнинг ўрнини эгаллади.
ℹ️ Алмаз Имангазиев аввал республика Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Меҳнат вазири лавозимида у Канат Сагинбаевнинг ўрнини эгаллади.



