Қашқадарё вилоятида 10 июнь куни ижтимоий тармоқларда «Ҳисорак» сув омборида авария юз бергани ҳақида хабар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
ИИБ тарқатилган хабарларни ёлғон, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказувчи, осойишталигини бузувчи маълумотлар деб ҳисоблайди. Жиноят кодексининг 244-6-моддаси 3-қисми «б» банди (катта зарар етказувчи ёлғон маълумотларни тарқатиш) билан иш қўзғатилган. Қоидабузарлар 200 дан 300 гача базавий ҳисоблаш миқдорида (102 миллион сўмгача, 8,2 минг доллар эквиваленти) жарима тўлаши ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
👉 10 июнь куни ижтимоий тармоқларда сув омборидан сув тошаётгани ва йўлларни сув босганлиги акс этган видеолар пайдо бўлиб, тўғон бузилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғоннинг чап қисмида қўшимча туннел очиш бўйича муҳандислик ишлари олиб борилаётгани сабаб сув сизиб чиқаётганини маълум қилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун тезкор гуруҳ тузилиб, махсус техника ишга солинган. Кейинроқ вазир Абдулла Қўлдошев баёнот бериб, «фавқулодда вазият юз бермагани, «Ҳисорак» сув омбори штат режимида ишлаётганини» таъкидлаган.
Вазирнинг тушунтиришича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, ёғингарчилик ва тоғларда қорнинг тез эриши сув омборидаги сув сатҳининг «бироз кўтарилиши»га олиб келган.
«Сув омбори ишлаши учун мувозанатни сақлаш зарур, шунинг учун лойиҳа қуввати секундига 250 куб метр бўлса-да, секундига 40 куб метр сув ташланмоқда», — деди Қўлдошев.
ℹ️ «Ҳисорак» сув омбори Шаҳрисабз шаҳридан 35 км узоқликда жойлашган бўлиб, 1977—1988-йиллари қурилган, 1990 йили фойдаланишга топширилган. Сув омборини қуришдан асосий мақсад – куз, қиш ва баҳор пайтларида Оқсув дарёсининг суви беҳуда оқиб кетишининг олдини олиш ва уларни тўплаб ёзги вегетация даврида қишлоқ хўжалигида фойдаланиш бўлган.
Сув омборининг лойиҳавий сув сиғими 170 млн метр куб бўлиб, у Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи ва Яккабоғ туманларида жойлашган 49 минг гектар экин ер майдонини суғориш имкониятига эга. Бундан ташқари, «Ҳисорак» суви тозаланиб, ичимлик суви сифатида ишлатилади.
2011 йили сув омборида йилига 80,9 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган гидроэлектр станцияси ишга туширилган.