Ўзбекистон ва Туркия 10 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириб, товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Анқара шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунлари бўйича Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.
Учрашув 6 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир ярим баробар ошган: Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йили бу кўрсаткич 3,1 миллиард долларни ташкил этган. Икки давлат шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та рейс амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда турк бизнеси иштирокида 100 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилган.
Учрашув якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев ва Режеп Эрдоған ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.
Улар иштирокида яна 19 та ҳужжат имзоланди, жумладан:
👉 Илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
👉 Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;
👉 Космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
👉 Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
👉 Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
👉 Оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома ва бошқалар.
Шу куни Мирзиёев ва Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгашда Ўзбекистон томонидан Global Textile, ProCab, Agromir Group, ERIELL Group, Akfa Holding, Murad Buildings, SAG, BMB Holding, Uzbekistan Hydrogen иштирок этди. Туркия томонидан Çalık, Cengiz, Acibadem, Eczacıbaşı, Anadolu Group, Aksa Energy, Zorlu, Kalyon, Onur Group бошқа холдинг компаниялари иштирок этди. Йиғилишда Ўзбекистон-Туркия саноат кластерини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Мирзиёев ташрифи чоғида икки давлат президентлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқдилар. Жумладан, улар Ғазо секторида тезда ўт очишни тўхтатиш ва Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бошланиши муҳимлигини таъкидладилар.
«Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт», – деди Мирзиёев.
Президентлар Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, исломофобия ва радикализмга қарши кураш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам умумий фикр билдирдилар.
▶️ Ташриф якунида «Эсонбуға» халқаро аэропортида Президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Президент Режеп Таййип Эрдоған ва рафиқаси кузатиб қўйдилар.
Ўзбекистон Президенти ушбу мамлакатнинг олий давлат мукофоти – «Туркия Республикаси нишони» билан ватанга қайтди. Мазкур олий мукофот Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.