Французлар Бухоро вилоятида «яшил энергия» лойиҳаларига 1 миллиард доллар сармоя киритади

uz.ambafrance.org. сайти фотосурати

Франциянинг Voltalia компанияси Бухоро вилоятида қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган иккита лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, бу ҳақда компания вице-президенти Йони Аммар O’zbekiston 24 телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб хабар беради Spot.uz

«Мақсадимиз 1 ГВт қувватга эга иншоотни ишга туширишдир. Бир миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозирда 35 та доимий иш ўрни яратилган. Фаолиятимиз кўлами кенгайгани сари, янги бўш иш ўринлари ҳам кўпаяди», — дейди Аммар.

Гап Ғиждувон вилоятида гибрид электр станцияси қурилиши ҳақида бормоқда. Станциянинг қиймати ва қуввати мос равишда 400 миллион доллар ва 400 МВтни ташкил қилади. Иккинчи энергетика лойиҳаси 650 миллион долларга баҳоланмоқда ва у 30 кишини иш билан таъминлайди.

Voltalia вакили компания Ўзбекистонда 2022 йили Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққанидан сўнг иш бошлаганини таъкидлайди. Жорий йил март ойида Ўзбекистон Президенти ва Voltalia раҳбари томонидан қурилиши бошланган станциянинг умумий қиймати 400 миллион долларни ташкил этади.

Май ойида Voltalia компанияси Хоразм вилоятида 500 МВт қувватга эга аккумулятор тизимини қуриши мумкинлиги маълум бўлди. Мажмуа қурилаётган фотоэлектр станция энергиясини йиғиш учун ишлатилади. Аввалроқ Франция компанияси Навоий вилоятида 400 МВт қувватга эга гибрид электр станцияси ва энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича дастлабки келишувни расмийлаштирган эди.

ℹ️ 2019 йил май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев муқобил манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларига солиқ имтиёзлари бериладиган қонунни имзолаган эди. Жумладан, мавжуд энергия тармоқлари тўлиқ тўхтатилган турар-жой биноларида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи фуқаролар уч йил муддатга жисмоний шахсларнинг мол-мулки солиғи ва ер солиғинидан озод этилди.

Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станцияси Навоий вилояти Кармана туманида 2021 йил август ойида ишга туширилган эди. Станциянинг қуввати 100 МВт, инвестор БААнинг Masdar компанияси. Қурилишга 110 миллион доллар сарфланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ