Асадов: «Россияга бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони тўрт баробарга камайди»

Меҳнат мигрантлари. ria.ru сайти фотосурати

Охирги саккиз йил ичида Россияга бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони камида тўрт бараварга камайган. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Севимли» телеканали эфирида маълум қилди, деб ёзади Spot.uz.

«2016 йилгача Россияда меҳнат муҳожирлари сони ўртача 4 миллиондан 6 миллионгача бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллионни ташкил этади, бу маълумотни Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳам тилга олишди, бироқ кўпчилик таҳлилчиларимиз бунга эътибор беришмаган», — дейди Асадов.

Президент матбуот котибининг таъкидлашича, икки давлат миграция органлари меҳнат муҳожирлари сони бўйича ягона рақамни – 1 миллион кишини қайд этишган. Расмий бир неча миллион ўзбекистонлик фуқароларнинг ватанга қайтишини Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараси билан изоҳлайди.

Россия ҳукуматига кўра, 2016 йили РФда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари бўлган. 2022 йилнинг кузида январдан сентябргача бўлган даврда Ўзбекистондан Россияга ишлаш мақсадида 4,46 миллиондан ортиқ киши келгани маълум қилинганди. Россия Федерацияси ФХХ ҳисоботига кўра, биргина 2023 йилнинг биринчи чорагида 630 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Россияга кириб келган ва уларнинг ташриф мақсади «иш» сифатида қайд этилган. Ўша йилнинг апрель ойида РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников 2016 йилдан бери Россияга келган Ўзбекистон фуқаролари сони «тўрт баравар кўпайганини» айтганди.

2024 йили миграция сиёсатининг кескинлашуви, шунингдек, ЕОИИ давлатларидан ташқари меҳнат мигрантларининг қатор соҳаларда ишлаши тақиқланиши фонида Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтиши кучайди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълумотларига кўра, дастлабки тўрт ойда 115 мингдан ортиқ меҳнат мигранти, жумладан, Россия Федерациясидан республикага қайтган. Шу билан бирга, «миллиондан ортиқ» Ўзбекистон фуқаролари Россияда қолаётгани хабар қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ