Москва вилоятида 23 майга ўтар кечаси содир бўлган ёнғин оқибатида бир неча Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлимига асосланиб «Дунё» хабар беради.
Истра шаҳри, Падиково қишлоғида 24 ёшли Ўзбекистон фуқароси ижарага олган уйда ташкил этган хостелда 20 нафар меҳнат мигранти, жумладан, 11 нафар Ўзбекистон фуқароси яшаган, дея хабар беради элчихона. Уйни ижарага олган шахснинг сўзларига кўра, уйда 15 киши – 13 нафар Ўзбекистон ва икки нафар Туркманистон фуқароси яшаган.
ФВВ маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида 8 нафар фуқаро ҳалок бўлган, уларнинг шахси аниқланмоқда.
Ҳозирда қурбон бўлган одамларнинг жасади Истра шаҳар суд-тиббиёт экспертизаси бюросида сақланмоқда.
Уйни ижарага олган қўлга олиниб, тергов органларига сўроққа олиб келинган. Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти Истра тергов бошқармаси воқеа юзасидан эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабаб бўлганлик (РФ Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга иситиш мосламасининг носозлиги сабаб бўлган.
«Озон» компанияси матбуот хизматининг РБКга маълум қилишича, Падиководаги ёнғинда ҳалок бўлган хорижликлар Истре – АК «Прайм» омборхонасида ишлашган. «Озон» пудратчини текширади ва «чора кўради».
ℹ️ Россия ётоқхоналари ва хостелларида меҳнат мигрантларининг ўлими бир неча бор қайд этилган. Шундай қилиб, 2020 йил январь ойида Москва вилоятининг Раменский туманидаги Нестерово қишлоғида содир бўлган ёнғин натижасида саккиз нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган. 240 квадрат метр майдонда меҳнат муҳожирлари истиқомат қилган металл каркасли кабиналар ёниб кетган. Икки ҳафтадан сўнг Томск вилоятининг Причулимский қишлоғида содир бўлган ёнғин оқибатида ўн нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлган: улар яшаган бир қаватли ёғоч бино ёниб кетган.