Конкида учиш бўйича Россия чемпиони ўзбекистонлик бўлишга қарор қилди

Данила Семериков. sportbox.ru сайти фотосурати

Жаҳон ва Европа чемпионатларининг кўп карра совриндори, россиялик конки учувчиси Данила Семериков Ўзбекистон терма жамоасига ўтишга рози бўлди. Бу ҳақда «Матч ТВ» хабар берди.

«Ўтган йили менга Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаш таклифи тушганди, мен бу имкониятни кўриб чиқдим. Спортдаги ягона мақсадим – мусобақаларни давом эттириш ва халқаро мусобақаларга қайтиш. Бу аниқ мақсад, мен таклифга рози бўлишга ва шу мамлакат терма жамоасида ўйнашга қарор қилдим», — дейди Семериков.

Семериковнинг мураббийи Виктор Сивковнинг айтишича, у шогирди учун жуда хурсанд.

«Данила ҳалол машқ қилди, ҳалол ишлайди, лекин шундай бўлдики, у Пхенчхан ва Пекиндаги Олимпиадада қатнаша олмади. Бу вазиятдан чиқиш йўлини топганидан хурсандман. Данила тажрибали спортчи, агар у билан ишлайдиган яхши мутахассис бўлса, менимча, натижага эриша олади», — дейди Сивков.

Ўз навбатида, Россия конкида учиш уюшмаси президенти Николай Гуляев Семериковнинг баёноти ва Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциациясининг мурожаати спорт фуқаролигини ўзгартириш учун етарли эмаслигини айтган. «Бу Ижроия қўмитасида кўриб чиқиш учун етарли эмас (бизнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ), — дея тушунтирган Гуляев РИА билан суҳбатда.

Данила Семериков 29 ёшда, кўп карра Россия чемпиони, жаҳон чемпионатларининг тўрт карра бронза, Европа чемпионатларининг икки карра кумуш медали совриндори.

ℹ️ Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон мунтазам равишда россиялик спортчиларни ўз фуқаролигига қабул қилади. Шундай қилиб, 2018 йили велосипедчи ва уч карра Олимпиада совриндори Ольга Забелинская фуқароликка қабул қилинди. 2019 йили россиялик беш спортчилар: Европа чемпиони Александр Савкин ва жаҳон чемпионати бронза медали совриндори Алисэ Фахрутдинова, шунингдек, эркин кураш бўйича Европа чемпиони Илёс Бекбулатов Ўзбекистон фуқаролигини олди. Аммо уларнинг бирортаси Токиодаги Олимпиада ўйинларида медал қўлга кирита олмади, гарчи шу мақсадда фуқаролик берилган бўлсада.

Аммо муваффақиятсизликлар россияликларнинг ўзбек фуқаролигига ўтишига тўсиқ бўлмаяпти. Ўтган йили эшкак эшиш бўйича Олимпия ўйинлари совриндори Анна Пракатень Ўзбекистон фуқаролигини олгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Шу йилнинг январь ойида сузиш бўйича ўсмирлар ўртасида Европа чемпиони Илья Сибирцев Россия фуқаролигини Ўзбекистонга ўзгартирди. Февраль ойида эркин кураш бўйича Россия чемпиони Разамбек Жамалов ўзбекистонлик бўлди. Май ойида россиялик фигурали учувчилар Екатерина Гайниш ва Дмитрий Чигиревнинг фуқароликка қабул қилингани ҳақида хабар берилди.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида