Қозоғистоннинг Кулсари шаҳрида сув тошқинидан зарар кўрган аҳоли бир ҳафталик намойишлардан сўнг тарқалди

Кулсари шаҳридаги намойиш иштиокчилари. azh.kz сайти фотосурати

Кулсари шаҳри (Қозоғистоннинг Атирау вилояти Жилий тумани маъмурий маркази) аҳолиси етти кунлик норозилик намойишини якунлади, деб хабар беради «Ак Жайык» нашри.

Намойишчилар ихтиёрий равишда чодирларини йиғиб, Махамбет хиёбонини тўсиб қўйган ҳолда шаҳарнинг марказий майдонини тарк этишган.

Митинг якуни бўйича Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Қўжаев ҳам ҳисобот берган. «Бугун сизларга ҳисобот бераман, одамлар майдонни тарк этишди. Тарқалишди. Тушунишимча, биз консенсусга эришолдик. Ҳибсга олинганлар йўқ», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган КазТАГ агентлиги.

Кулсари шаҳридаги норозилик акцияси 15 май куни бошланганди, унинг иштирокчилари маҳаллий ҳокимият органлари сув тошқинидан етказилган зарарни баҳолашни пайсалга солаётганидан норозилигини билдиришган. Шунингдек, улар сув босган уйлар учун ҳар квадрат метр учун 400 минг тенге (тахминан 900 доллар, бу Атираудаги янги бинода ҳар квадрат метр учун тахминий нарх – таҳр.изоҳи) миқдорида товон пули талаб қилишган.

Шаҳар маъмурияти аҳолининг талабига рози бўлмаган. Атирау вилояти ҳокими Серик Шапкенов йиғилганлар билан учрашиб, товон пули бозор қиймати бўйича тўланишини маълум қилган, яъни Кулсарида ҳар квадрат метр учун тахминан 200-240 минг тенге (450 доллар атрофида) туради.

Кейинроқ ҳокимият акция иштирокчиларини сув тошқини оқибатида зарар кўрган уй-жойларни баҳолаш шу ҳафта якунланиши ва бу «адолатли тарзда амалга оширилиши»га ишонтирган.

Жорий йил баҳорида Қозоғистонда сўнгги 80 йилдан ортиқ вақтдаги энг йирик сув тошқини юз берди. Апрель ойи бошида Кулсари сув остида қолган, шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинганди. Жами, 2,9 мингта уй ва юзлаб тижорат бинолари зарар кўрган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ