ОАВ: Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган

LogiStan Telegram-канали фотосурати

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги «Фарап» автомобиль назорат-ўтказиш пунктида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган, уларнинг ҳайдовчилари Ўзбекистонга кириш учун виза ололмаяпти. Муаммога фақат Туркманистон фуқаролари дуч келмоқда, деб хабар беради LogiStan Telegram-канали.

Чегарадаги муаммо апрель ойининг ўрталарида пайдо бўлган. Ўшанда туркман ҳайдовчилари Ўзбекистон томони виза беришдан бош тортаётганидан шикоят қила бошлашган. Оқибатда назорат-ўтказиш пунктида юк машиналарининг узоқ навбати пайдо бўлган, улар ҳалигача тарқалмаган.

LogiStan агентлигининг Тошкентдаги манбаларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати виза беришдан бош тортиш орқали Туркманистон ва Ўзбекистон юк ташувчилари учун ҳужжатларни расмийлаштиришдаги шартлар номутаносиблигидан норозилигини намойиш қилмоқда. Туркманистонда ҳужжатларни расмийлаштириш учун Ўзбекистон фуқаролари ўртача 700-900 доллар сарфлайди, Ўзбекистонда эса туркманистонликлар 200 доллар чиқим қилади.

«Масалан, Туркманистонда янги CMR-бланкасини тўлдириш 200 доллар, маршрут харитаси – 200 доллар, GPS-қурилмаси – 20 долларга тушади ва ҳоказо. Айтиш жоиз, Ўзбекистонда бундай тўловлар олинмайди. Туркманистон суғуртаси 100 доллар бўлса, Ўзбекистон суғуртаси 15 доллар туради», — дейди LogiStan манбаси.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик ҳайдовчилар Туркманистон визасини 20-40 кун ичида олади, туркман юк ташувчилари эса ўзбек визасини олиш учун уч кун вақт сарфлайди.

Шартлар номутаносиблигини бартараф этиш бўйича келишувларни тасдиқлаш жорий йил апрель ойи охирида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди, бироқ якунда туркман делегацияси уларни имзолашдан бош тортди. «Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ», — дея таъкидлайди Telegram-канал манбаларидан бири.

Аввалроқ туркман чегарачилари қўшни республика орқали транзит билан Россияга кетаётган ватандошларни Ўзбекистонга киритмаётгани ҳақида хабар берилганди.

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида