Ўзбекистон сел ва сув тошқинларидан жабр кўрганлар учун Афғонистон ҳукуматига 200 тонна гуманитар ёрдам топширди. Бу ҳақда Ariana хабар берди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигига кўра, юклар «Айритом» чегара пункти орқали Балх вилоятига етказилган. У 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва, 44 тонна макарон, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг порция тез тайёрланадиган лағмон, 100 та 10 ўринли махсус чодир ва 96 та минг литр сув сақлаш идишларидан иборат бўлган.
Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтган. Толиблар* ҳукуматидаги Ташқи ишлар вазири ўринбосари Раҳмат ул-Ҳақ Фозил кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, Афғонистон ва Ўзбекистон тарихий ришталарга эга эканини таъкидлаган. Ўзбекистон Афғонистон халқи билан доимо ҳамкорлик қилиб, сиёсий, иқтисодий, савдо ва транзит соҳаларида ижобий қадамлар қўйган, дея қўшимча қилган мулозим.
ℹ️ Arianaнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил август ойида «Толибон»* ҳокимиятга қайтганидан бери Ўзбекистон Ислом республикаси сўнгги икки ярим йил ичида бошдан кечирган табиий офатлар муносабати билан афғонларга 10 та партия гуманитар ёрдам жўнатган. Жумладан, жорий йил апрель ойи охирида Тошкентдан Балхга 170 тоннага яқин қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди.
ℹ️ Ўтган апрель ойида Афғонистонда содир бўлган сув тошқинлари натижасида 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. 300 дан ортиқ одам май ойидаги сел ва сув тошқинлари қурбони бўлган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).