Жапаров Қирғизистонда чет элликлар билан оммавий тўқнашув энди куч билан тарқатилишини маълум қилди

БИШКЕКДА ТАРТИБСИЗЛИКЛАР ЮЗ БЕРГАН КЕЧА. KLOOP.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

17-18 май кунлари Бишкекда содир бўлган воқеаларга ўхшаш ҳодисалар такрорланса, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари зудлик билан куч билан тарқатишни бошлайди. Бу ҳақда республика президенти Садир Жапаров давлат раҳбари сайтида эълон қилинган мурожаатида маълум қилди.

«Биз ҳуқуқий давлат қурдик. Энди тартиб ўрнатамиз. Тартибсиз ҳеч бир давлат ривожлана олмайди. Жиноятчиларни ўзбошимча суд қилинишига йўл қўйиб бўлмайди. Жазо учун суд бор, куч бор. <…> Агар шундай ҳолат такрорланса, ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлабки дақиқаларданоқ куч билан тарқатиш усулларига ўтади», — дейилади мурожаатда.

Жапаровнинг таъкидлашича, ҳозир Қирғизистон хавфсизлик кучлари аввалгидек кучсиз эмас.

«Ким бўлишидан қатъи назар, бизнинг фуқаромизми, хорижликми, давлатимиз яхлитлигига тажовуз қилса ёки тартибсизликлар келтириб чиқарса, у қаттиқ жазоланади», — дея огоҳлантирди президент.

У қирғизистонликлар миллий низоларни келтириб чиқарувчи провокацияга берилиб, мамлакат ва қадимдан ўзининг меҳмондўстлиги билан машҳур халққа зиён етказганини таъкидлади.

«Ушбу ҳодиса акс этган видео [13 май куни Бишкек ётоқхоналаридан бирида содир бўлган қирғизистонликлар ва хорижликлар ўртасидаги муштлашув] 18 май куни интернетга юкланган, бу эса ёшларни янада ранжитган ва интернетда ёлғон миллий туйғуларни уйғотувчи провокацион постлар билан тақдим этилган. Гапнинг пўсткалласини айтаман, ҳокимият тепасига кела олмаганлар коррупцияга қарши курашни маъқулламайдилар ва қамоқдагилар провокацион маълумотларни тарқатиш учун махсус WhatsApp гуруҳлари ва сохта аккаунтларни ташкил қилишган», — дейилади президент мурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари баъзи блогерлар ва провокаторлар кенг кўламли қўзғолонга чақирувчи видеомурожаатларни тарқатишга ҳозирлик кўраётганини аниқлаган, уларда «мана, ҳукуматимиз қирғизларни ҳимоя қилиш ўрнига, аксинча, халқни камситмоқчи бўлганларни қўллаб-қувватлаяпти» дея кенг кўламли қўзғалишга чорловчи видеомурожаатларни тарқатишга ҳозирлик кўришган. Аҳоли уларга ишониши мумкин эди, аммо хавфсизлик кучлари вазиятни назоратга олишга муваффақ бўлган.

Жапаров Қирғизистонда миграция жараёнлари ва туризм соҳасини ривожлантириш муҳимлигини эслатди.

«Бир миллиондан ортиқ одамларимиз хорижда ўқиб, меҳнат қилмоқда. Фуқароларимиз каби хориждан ҳам одамлар ўқиш ва ишлаш учун бизга келишади. Биз бундан хурсанд бўлишимиз керак. Сиз бу нима эканини жуда яхши биласиз: алоқа, мулоқот, тажриба ва туризм. Ҳуқуқий тилда буларнинг барчаси халқаро коммуникациялар, дипломатия, туризм ва ҳоказо деб аталиши сизга аён», — деди Жапаров.

Қолаверса, чет эллик талабалар Қирғизистонда олаётган таълим учун пул тўлайдилар ва солиқларни шу давлатда қолдирадилар.

«Уларга хизмат кўрсатувчи таълим муассасалари, кичик бизнес вакиллари фойда кўради ва бу иқтисодиётимизга миллиардлаб даромад келтирмоқда», — дея далил келтиради Қирғизистон президенти.

Иш ўринларига келсак, уларнинг ҳаммаси ҳам маҳаллий аҳоли орасида талабгир эмас, дейди Жапаров.

«Ватандошларимиз бу ишларга бормаётгани боис тадбиркорларимиз чет эллик меҳнат муҳожирларини таклиф қилишга ва улар билан шартномалар тузишга мажбур бўлмоқда», — дея тушунтирди президент. У статистик маълумотларни келтирган: Қирғизистонда бугун 6,5 мингдан ортиқ иш ўрни бўш, яқин йилларда яна ўн минглаб иш ўринлари яратилади, чунки мамлакатда янги йирик лойиҳалар ишга туширилади.

«Бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз хорижда истиқомат қилади. Мамлакатимизда меҳнат мигрантлари сони эса бугунги кунда атиги 5322 нафарни ташкил этади. Чет эллик талабаларнинг сони 42 минг 620 нафардан иборат», — деди Жапаров.

Президент юртдошларини фарзанд тарбиясига жиддий ёндашишга, уларни «инсоний фазилатларга зид, мусулмонга ярашмайдиган» ишлардан сақланишни ўргатишга чақирди.

«Ота-оналар, фарзандларингиз ёшлик ва тажрибасизлик қилиб оломон таъсирига тушиб қолмаслиги, тақдирини бузмаслиги учун эҳтиёт бўлинг! <…> Мен ёшларимизни сабр-тоқатли бўлишга ва шубҳали чақириқларга берилмасликка чақираман», — дейилади Қирғизистон президенти мурожаатида.

Жапаров ёшларни ўз манфаатларини кўзлаб, «кўчага олиб чиқиб, кечаги кунга ўхшаш воқеаларни юзага келтирувчи, қабиҳ ниятларини рўёбга чиқараётганларга нисбатан» қаттиқ чоралар кўришга ваъда берди.

ℹ️ Бишкекликлар ва чет эллик талабалар ўртасидаги можаро 18 майга ўтар кечаси авж олган. Бирдан юзага келган норозилик интернетда 13 май куни пойтахт хостелларидан бирида қирғизистонликлар ва хорижликлар ўртасида содир бўлган муштлашув видеосига муносабат бўлган. 17 май куни кечқурун маҳаллий ёшлар чет элликлардан «қасос олиш» учун йиғилиб, уларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилишган. Намойишчилар сони минг кишига етган. Улар бир неча кўчаларни тўсиб, дераза ойналарини синдириб, талабалар ётоқхоналарига бостириб киришган, хорижликларни калтаклай бошлашган. Тўполон жойига етиб келган полиция ходимлари йиғилганларни тарқалишга чақирган. Ҳибсга олишлар бошланган.

Кейинчалик Республика Ички ишлар вазирлиги тартибсизликларни қўзғатувчилар «осиёлик кўринишдаги шахслар» эканини таъкидлади. Шунингдек, безорилик бўйича қўзғатилган жиноий ишда хостелга уюштирилган ҳужумда иштирок этган тўрт нафар хорижлик (фуқаролиги кўрсатилмаган) ва икки нафар қирғизистонлик қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилгани маълум бўлди.

Дастлаб безорилар қилмишидан жабр кўрган 29 нафар фуқаро тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Бироқ, кейин яраланганлар сони 41 кишига кўпайган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича, Президент Садир Жапаров топшириғига кўра, можарода касалхонага ётқизилган хорижлик иштирокчилар бепул даволанмоқда. Таълим ва фан вазирлиги чет эллик талабаларнинг ўқишини вақтинчалик онлайн режимга ўтказди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ