Миграция соҳасида ҳаддан ошмаслик ва ксенофобия кучайишига йўл қўймаслик керак. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Колокольцев 14 май куни Федерация Кенгашида номзодининг лавозимга қайта тасдиқланиши чоғида маълум қилди. Мулозим нутқидан парча ТАСС сайтида жойлаштирилган.
Колокольцев меҳнат миграциясини тартибга солиш ва чет эл фуқароларининг РФда бўлиши устидан назоратни кучайтириш бўйича кутилаётган ислоҳотни эслатиб ўтди. У мигрантларнинг мамлакатда қолишини тартибга солиш ва қонунийлаштириш, имкон қадар кўпроқ муҳожирларни соядан олиб чиқиш ва улар устидан қаттиқ назоратни амалга ошириш учун мўлжалланган.
«Ҳаддан ошмаслик лозим. Ксенофобия кучайишига, чет эл фуқароларига нисбатан асоссиз мажбурлов чоралари қўлланилишига йўл қўймаслигимиз керак. Стратегик рақибларимиз тушида ҳам, ўнгида ҳам мамлакат аҳолисининг турли қатламлари ўртасида вазиятни издан чиқаришни кутишади, нияти амалга ошгач, устимиздан кулиб қарашади. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак», — деди ИИВ раҳбари.
Колокольцев Россияда содир этилаётган жиноятларнинг атиги 4 фоизи чет эл фуқароларига тўғри келишини таъкидлади.
«Чет эл фуқаролари ва мигрантлар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишига келсак, миқдорий жиҳатдан айтишим мумкин: бу кўрсаткич унчалик юқори эмас, мамлакатимизда содир этилаётган жиноятлар умумий сонининг атиги 4 фоизини ташкил этади», — дея тан олди вазирлик бошлиғи.
Шу билан бирга, у «мазкур чет эл фуқаролари»нинг хатти-ҳаракати жамиятдаги кескинликни кучайтираётганини ва шунинг учун расмийлар «бундай ҳолатларга жавоб беришлари кераклигини» таъкидлайди.
«Булар бошқа давлатлардан, яқин хориждан келган фуқаролар, улар баъзида ўзларини шундай тутишадики, оқибатда жамият ларзага келади», — деб тушунтирди Колокольцев.
ℹ️ Апрель ойида ИИВ раҳбари 2023 йил охирида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган қотилликлар сони 18 фоизга, ўғирлик 14 фоизга, талончилик 32 фоизга, босқинчилик 22 фоизга камайганини маълум қилганди. РФ ҳудудида ноқонуний яшаётган деярли 110 минг чет эл фуқароси депортация қилинган (бу ўтган йилга нисбатан 65 фоизга кўп). Полиция томонидан аниқланган ноқонуний миграцияни ташкил этиш ҳолатлари сони 90 фоизга ошган.
ИИВ Рақамли ривожланиш вазирлиги билан биргаликда хорижий фуқаронинг «рақамли профили»ни ишлаб чиқмоқда. Бу чет эл фуқаросининг Россияга киришидан олдин ахборот тизимида рўйхатдан ўтишини ўз ичига олади. Мажбурий дактилоскопия ва суратга олиш тартиб-қоидаларининг бажарилиши устидан назорат кучайтирилган, тўпланган маълумотлар массиви яна икки миллион намуналар билан тўлдирилган. Улардан замонавий ресурслар асосида фойдаланиш бошқа давлатлар фуқаролари томонидан содир этилган деярли 2,5 минг жиноятни очиш имконини берди, дея хабар беради Колокольцев.