Эронлик режиссёр, Берлин кинофестивалининг ғолиби Муҳаммад Расулоф (Mohammad Rasoulof) саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бундан ташқари, у калтакланиш, жарима тўлаш ва мулкни мусодара қилиш жазосига ҳукм қилинди, дея хабар беради Х да унинг адвокати Бабак Пакния.
Адвокатнинг сўзларига кўра, бу қарор Ислом инқилоби суди бўлими томонидан қабул қилинган ва у апелляция комиссияси томонидан тасдиқланган. Иш ҳукмни ижро этиш учун юборилган.
Пакниянинг аниқлик киритишича, бундай ҳукм чиқарилишининг асосий сабаби режиссёрнинг оммавий баёнотлари, шунингдек, унинг бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратгани бўлиб, улар судга кўра, «мамлакат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш ниятида тил бириктиришга» мисол бўла олади.
Эҳтимол, режиссёр ўзининг сўнгги асари «Муқаддас анжир уруғи» учун жазоланган. ОАВ маълумотларига кўра, ўтган ой Пакния фильмнинг суратга олиш гуруҳи ҳибсга олингани ва сўроққа тутилгани ҳақида хабар берган. Натижада фильмга жалб қилинган эронликлар лицензиясиз суратга олишда, актрисалар эса «нотўғри» ҳижоб кийишда айбланган.
Маълумки, Расулофнинг янги фильми ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар оқибатлари билан шуғулланаётган Теҳрон инқилобий судининг судясига бағишланган. «Муқаддас анжир уруғи» фильмининг премьераси 14-25 май кунлари бўлиб ўтадиган
Канн кинофестивали доирасида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Эронлик режиссёр авваллари ҳам ватанида жиноий ишларга тортилган. Шундай қилиб, 2020 йили у «давлат тузумига қарши тарғибот» учун бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўтган йил февралида Расулоф етти ойлик ҳибсдан сўнг Теҳрондаги «Эвин» қамоқхонасидан озод этилгани хабар қилинганди.
ℹ️ 2020 йили Расулоф Берлиналеда бош мукофотни «Ёмонлик мавжуд эмас» (There Is No Evil) фильми учун қўлга киритган, унда зулм остидаги эркинлик мавзусига оид тўртта воқеа ҳақида ҳикоя қилинади.
Эслатиб ўтамиз, унинг тадбиркор Ризо ва порахўр провинция маҳаллий ҳокими ўртасидаги можаро ҳақидаги бошқа «Сотилмас» фильми (2017) 70-Канн халқаро кинофестивалида «Алоҳида нигоҳ» мукофотига сазовор бўлганди.
2019 йили «Сотилмас» фильми чиққанидан сўнг, Эрон суди режиссёрни «Исломий давлат»га қарши тарғиботда айблаб, бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган ва мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлаган. Шу сабабли Расулоф Берлин кинофестивалининг «Олтин айиқ»ини ололмаган, шу боис мукофот унинг қизига топширилган.