77-Канн кинофестивалида Ўзбекистон павильони очилади

Фирдавс Абдуҳолиқов ва Эммануэль Фосийон. Ўзбекистон кинематография агентлиги матбуот хизмати фотосурати

77-Канн кинофестивалида Ўзбекистон павильони ишлайди. Бу ҳақда Республика Кинематография агентлиги матбуот хизмати ўзининг расмий Telegram-каналида маълум қилди.

Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов CNCнинг аудиовизуал ҳамкорлик масалалари бўйича атташе Эммануэль Фосийон билан учрашув ўтказди. Унда Канн фестивали доирасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Павильон очилишида Абдухолиқов бошчилигидаги агентлик ва Ўзбекистон кинематографияни ривожлантириш миллий маркази вакиллари иштирок этади. Фестиваль доирасида Агентлик CNC компанияси билан меморандум ва ҳамкорлик шартномасини имзолашни режалаштирган.

CNCда ўтказиладиган питчингда (инвесторлар топиш мақсадида кинолойиҳа тақдимоти) уч нафар ўзбекистонлик режиссёр иштирок этиб, ўзининг янги лойиҳаларини тақдим этади.

Таъкидлаш жоиз, Канн кинофестивали доирасидаги Ўзбекистон павильонининг иши мунтазам тус олади. 2018 йили 71-Канн кинофестивалида илк бор Ўзбекистон павильони очилганди.

Канн кино оламида энг йирик кино бизнес форумларидан бири ҳисобланади. Бу ерга 12 мингга яқин продюсерлар, харидорлар, агентлар ва бошқа фестиваллар вакиллари ташриф буюрадилар. Компаниялар кино саноатига оид мингдан ортиқ лойиҳаларни бозорга тақдим этишади.

Канн кинофестивали 14-25 май кунлари бўлиб ўтади.