ЖБ: Гендер тенглиги Ўзбекистонда 700 минг кишини камбағалликдан чиқариш имконини беради

World Bank Uzbekistan Telegram-канали фотосурати

Агар аёллар мамлакат иқтисодий ҳаётида эркаклар билан тенг иштирок эта олса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади тахминан 29 фоизга ошиши мумкин.

«Ушбу фойдаланилмаган иқтисодий салоҳият 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан олиб чиқиши мумкин», — дейди Жаҳон банки экспертлари «Ўзбекистон: мамлакатдаги гендер ҳолатини баҳолаш» ҳисоботини тақдим этаркан. Ҳужжат Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида тайёрланган.

Ҳисоботда асосий эътибор гендер тенглигининг асосий йўналишларига, жумладан, аёлларнинг таълим, соғлиқни сақлаш хизматлари, иқтисодий фаолият ва бор имкониятлардан фойдаланишига қаратилган. Унда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажралишлар, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки билан боғлиқ вазият ўрганилади. Бундан ташқари, ҳисоботда Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатларга оид ижтимоий меъёрлар таҳлил қилинади.

Маърузанинг асосий хулоса ва тавсиялари Олий Мажлис палаталари, ҳукумат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирокидаги тақдимотда эълон қилинди.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш мамлакатга 2022 йил октабрь ойидан буён гендер тенглиги қонунчилигини такомиллаштириш бўйича энг катта ютуқларга эришган иқтисодиётнинг етакчи бешталигига кириш имконини бергани таъкидланди. Бироқ, тегишли чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этиш ҳали етарли даражада самарали эмас. Тақдимот иштирокчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги турли соҳаларда, жумладан, меҳнат бозорига кириш, аёлларни ижтимоий идрок этиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида сақланиб қолмоқда.

ℹ️ Бундан олдин Ўзбекистонда аёлларга эркаклар билан тенг қийматдаги иш учун тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи стандартлар қабул қилинганди. Айрим тармоқларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида ушбу қоидаларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. 2023 йил апрель ойида оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонун кучга кирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ