2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг жумладан, таълим соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган фармонида сўз юритилади.
Ҳужжатда янги ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида «Менинг мактабим» лойиҳаси амалга оширилиши ҳамда бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида (51 млн сўм-4 минг доллардан ортиқ) маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши кўзда тутилган.
Умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификациялаш тизими жорий этилади. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм (деярли 48 минг доллар) миқдорида:
✅ хорижий тиллар бўйича «Ибрат фарзандлари» танловлар;
✅ киберспорт мусобақалари;
✅ «Заковат» интеллектуал ўйинлари ташкил этилади.
Фармонда ҳар бир ўзбекистонлик ўз салоҳиятини амалга ошира олиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чоралар белгиланган.
Бундан ташқари, расмийлар фуқароларни оммавий спортга жалб қилиш учун жиддий шуғалланадилар, бу каби ташаббуслар ўн миллионлаб одамларни қамраб олади. Улар учун югуриш, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, миллий кураш ва белбоғли курашга доир мусобақалар уюштирилади.