Афғонистон ҳукумати Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми олти бараварга ошганини маълум қилди

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг 2023 йил кузида Афғонистонга ташрифи. Tolonews сайти фотосурати

2023 йили Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6 баробар ошган. Бу ҳақда Афғонистон саноат ва савдо вазирлиги (MoIC) маълум қилди, деб хабар беради Tolonews.

MoIC вакили Абдул Охундзоданинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 266 миллион долларгача ошган бўлса, 2022 йили бу кўрсаткич 44 миллион долларни ташкил этган. 2023 йили Ўзбекистондан 239 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинган, ушбу мамлакатга экспорт ҳажми 27 миллион долларни ташкил этган.

«Экспортимизнинг асосий қисмини қуритилган мевалар, мева шарбатлари, ўрик, кунжут, гиламлар ташкил этади. Ўзбекистондан асосан электр энергияси, ун, ловия, кимёвий ўғитлар, нефть ва газ импорт қилдик», — дейди Охунзода.

Айни пайтда Ўзбекистонда бошқа маълумотлар мавжуд. Биргина ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида Афғонистон билан товар айирбошлаш ҳажми 784 миллион долларни ташкил этган. Жумладан, экспорт – 774,6 миллион доллар, импорт – 9,5 миллион доллардан иборат бўлган. 2022 йил якуни бўйича товар айирбошлаш ҳажми 759,9 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистон Статистика агентлиги 2023 йил якунларини ҳали эълон қилмаган.

Октябрь ойида Саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий толиблар* ҳукуматининг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 600 миллион доллардан 3 миллиард долларга ошириш режасини эълон қилган эди.

ℹ️ Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати 2021 йил августида Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг улар билан фаол ҳамкорлик қила бошлади. Бунинг шарофати ўлароқ Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транзит юк ташишни йўлга қўйиш мумкин бўлди. Бундан ташқари, Тошкент толиблар билан ҳамкорликда Афғонистон ҳудудида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда, шунингдек, муҳтож афғонларга мунтазам равишда гуманитар ёрдам жўнатиб келмоқда.

Сўнгги пайтларда Афғонистон томони Амударё сувини буриш учун ушбу дарё ҳавзасидаги давлатлар билан келишилмаган ҳолда канал қуришга киришгани сабабли Тошкент ва толиблар ўртасидаги муносабатлар бироз таранглашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ