Толиблар жамоат фаолини уч ойлик ҳибсдан сўнг озод қилишди

Жулия Парси. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Афғонистонда 2021 йил августидан бери ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати жамоат фаоли Жулия Парсини уч ойлик ҳибсдан сўнг қамоқдан озод қилди. Бу ҳақда 18 декабрь куни Aamaj News нашри ўз манбасига таяниб хабар берди.

Парси толиблар томонидан афғон аёлларига нисбатан камситишларга қарши бир неча бор намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олинган. Жангарилар фаол аёлни ва унинг ўғлини ўз уйларидан олиб кетишган.

Эслатиб ўтамиз, 15 декабрь куни радикаллар яна бир жамоат фаоли Неда Парвонини озод қилгани маълум бўлди.

У турмуш ўртоғи ва 4 ёшли ўғли билан шу йилнинг сентябрь ойи ўрталарида ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганидан кейин Парвони соғлиғида, жумладан, унинг руҳий ҳолатида муаммолар пайдо бўлган.

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар аёлларга нисбатан камситиш сиёсатини изчил давом эттиришмоқда. Сўнгги икки йил ичида улар аёллар учун жуда кўплаб чекловлар киритдилар, хусусан, уларга кўп соҳаларда ишлаш, машина ҳайдаш ёки фильмларда роль ўйнаш тақиқланган. Қизларнинг олий ўқув юртларида таълим олиши, қизларнинг олтинчи синфдан кейин мактабларда ўқиши тақиқланган.

Афғонистондаги фаол аёллар вақти-вақти билан радикаллар томонидан репрессияга қарши норозилик намойишлари ўтказишади. Аёллар ўғирланмоқда, қамоққа ташланмоқда, калтакланмоқда ва қийноққа солинмоқда.

Гендер мансубликка нисбатан дискриминация дунё ҳукуматларининг Афғонистондаги толиблар режимини тан олишдан бош тортишининг асосий сабабларидан биридир.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ