Германияда қизлар учун мактаблар тармоғини яратган афғон аёлига мукофот аноним тарзда топширилди

TOLOnews сайти фотосурати

Германияда Аксел Шпрингернинг Озодлик фонди (Axel Springer Freedom Foundation) нотижорат ташкилоти исми ошкор этилмаган афғон аёлига жасорат мукофоти берилишини эълон қилди. Ташкилот матбуот хизматига кўра, хавфсизлик нуқтаи назаридан мукофотланган шахс номи ошкор этилмайди, чунки аёл Афғонистонда қизлар учун яширин мактаблар тармоғини яратган.

«Мукофот демократия ва эркинликка беқиёс ҳисса қўшган инсонларни тақдирлайди ва Deutsche Postcode Lotterie билан ҳамкорликда топширилади», — дейилади баёнотда.

Афғонистон қизларнинг олтинчи синфни тугатгандан сўнг мактабга бориши расман тақиқланган дунёдаги ягона давлатдир. Бу тақиқ «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан 2021 йил августида мамлакатда ҳокимият қўлга киритилгандан сўнг жорий қилинган эди. Бу қарорга маҳаллий ҳамжамият фаоллари, халқаро ташкилотлар ва хорижлик сиёсатчилар қарши чиққан, бироқ толиблар ҳалигача ўсмир қизларни мактабга қўйишмайди.

«Мен учун энг оғриқли адолатсизлик Афғонистондаги аёлларнинг зулмли аҳволи ҳақида омма олдида очиқ гапира олмаслигимдир. Мен ҳатто ўзимни хавф остига қўйишдан қўрқиб, бу махсус кунни оилам билан нишонлай олмайман. Жасорат учун мукофотни шахсан ўзим қабул қилиб, юртимга ғурур билан қайтишни истардим. Бу эътироф мени янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди. Мен адолатсизлик билан боғлиқ дардимни кучга айлантираман», — деб ёзган мукофот совриндори тақдирлаш маросимида унинг йўқлигида ўқилган нутқида.

Унинг ўрнига мукофотни афғон аёллар робототехника жамоаси асосчиларидан бири Роя Маҳбуб (Roya Mahboob) қабул қилиб олди.

Озодлик фонди жасорат учун мукофотининг пул қиймати 50 минг еврони ташкил этишини қўшимча қиламиз.

ℹ️ Аксел Шпрингернинг Озодлик фонди — нотижорат ташкилот бўлиб, эркин бўлмаган мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қўллаб-қувватлайди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ