РФ ИИВ «Вагнер» ХҲК сафида жанг қилган ўзбекистонликка фуқаролик бериш масаласини назоратга олди

riamo.ru сайти фотосурати

Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бош бошқармаси «Вагнер» хусусий ҳарбий компания сафида махсус ҳарбий операцияда қатнашган Ўзбекистон фуқароси Александр Бабковга фуқаролик бериш масаласини назоратга олди. Бу ҳақда 5 декабрь куни бошқарма расмий вакили Ирина Волк ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Бабков ишини ИИВ Миграция бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова назорат қилади. Волкнинг қўшимча қилишича, эртага (6 декабрь – «Фарғона» изоҳи) жанговар ҳаракатлар фахрийси Свердловск вилоятидаги миграция бўлимига таклиф қилинган ва у ерда Бабковдан вақтинчалик бошпана олиш учун ҳужжатлар қабул қилинади. Шундан сўнг расмийлар ўзбекистонликка Россия Федерацияси фуқаролигига бериш масаласини кўриб чиқишади.

Шундай қилиб, Ички ишлар вазирлиги RТ сайтида 4 декабрь куни РФда доимий яшашга рухсатнома ололмаётганидан шикоят қилган Бабков ҳақида чоп этилган материалга муносабат билдирди. Ҳарбийнинг сўзларига кўра, Свердловск вилоятидаги қариндошлари унга 2024 йил январигача вақтинчалик регистрация расмийлаштиришган. Бироқ, ҳужжат муддати тугаганидан кейин у ватанига депортация қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда бошқа давлат томонида жанговар ҳаракатларда қатнашганлик учун жиноий жавобгарлик ва ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.

Бабковнинг айтишича, у Шимолий ҳарбий округ зонасига кўнгилли сифатида боришга қарор қилган ва 2022 йил сентябрь ойида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан бир йиллик шартнома имзолаган. У Соледар ва Артемовск (Бахмут) учун жангларда қатнашган, «Жасорат» давлат мукофоти ва бошқа бир қатор медалларга эга.

Александрнинг аниқлик киритишича, жорий йилнинг ёзида юристлар «Вагнер» сафига келиб, чет элликлардан Россия фуқаролигини олиш учун аризаларни қабул қилишган. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, Бабковнинг ҳужжатлари маълумотлар базасида бўлмаган. Шу сабабли, Ўзбекистон фуқароси фронтдан қайтгач, вақтинчалик рўйхатдан ўтишга мажбур бўлган — бир гал Анападаги дўстиникида, бир гал Свердловск вилоятидаги қариндошлариникида.

«МҲО да иштирок этганим, мукофотларим бўлишига қарамай менга ҳеч қандай ёрдам беришмас эканда. Ветеран гувоҳномаси эса фақат РФ фуқароларига берилади. Мени ҳужжатсиз ишга олишмайди. Мен юк ташувчи бўлиб ишлаяпман, лекин бу иш эмас», — дея ғалабланади Бабков.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олишга ҳаракат қилишда давом этишини қўшимча қилган.

Россия расмийлари баъзида чет эллик армияда хизмат қилиш истагини билдирса, фуқаролик бериш билан боғлиқ муаммоларни тезда ҳал қилишади. Мисол учун, октябрь ойида Новосибирск вилоятида яшовчи Қозоғистон фуқароси Украина ҳудудида МҲОда иштирок этиш учун шартнома имзолаганидан кейин Россия паспортини олгани ҳақида хабар берилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ