ОАВ: Франция Қозоғистон ва Ўзбекистонга жанговар самолётлар етказиб беришни режалаштирмоқда

Tim Felce (Airwolfhound). Rafale — RIAT 2009. wikipedia.org сайти фотосурати

Франция Қозоғистон ва Ўзбекистонга ўзининг Rafale қирувчи самолётларини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда La Tribune газетаси манбаларга таяниб хабар беради.

Нашрнинг ёзишича, Франциянинг Dassault Aviation компанияси бу йўналишда «бир неча ойдан бери» иш олиб борган, Қозоғистон ва Ўзбекистон эса Rafale» қирувчи самолётларига қизиқиш билдирган.

«Бу (Франция президенти – таҳр.изоҳи) Эммануэль Макроннинг Қозоғистонга, сўнгра 1 ва 2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга сафарининг мазмуни эди», — деб ёзади нашр.

Унга кўра, Ўзбекистон 24 тагача қирувчи самолётларини сотиб олиши мумкин. Шу билан бирга, Тошкент бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган самолётларни ҳам кўриб чиқиши мумкин. Қозоғистон ҳам ўзининг жанговар самолётлар паркини янгиламоқчи, бироқ бу мамлакатга Rafale қирувчи самолётларини етказиб бериш истиқболлари «узоқроқ кўринади», дейилади мақолада.

Шу билан бирга, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги «Курсив» нашрига бу маълумот «ҳақиқатга тўғри келмаслиги» ҳақида маълум қилган.

Ноябрь ойи бошида Франция президенти Эммануэль Макрон Қозоғистон ва Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб, бу давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Унинг минтақага сафарларидан мақсад Франциянинг энергия хавфсизлигини яхшилаш эди, деб ёзади Bloomberg манбаларга таяниб. Унга кўра, жумладан Қозоғистонда Макрон Францияга нефть етказиб бериш ва уран экспорти ҳажмини оширишга келишиб олган. Мазкур республикага ташрифдан сўнг France24 телеканали ҳам Париж Қозоғистонга Ground Master 400 ҳаво ҳужумидан мудофаа радар тизимларини ушбу мамлакат «суверенитетини мустаҳкамлаш» учун етказиб бериши ҳақида хабар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ