БМТ Афғонистондаги зилзила қурбонларига ёрдамни ошириш зарурлигини маълум қилди

7 октабрда юз берган зилзила оқибатидаги вайроналар. TOLOnews сайти фотосурати

Октябрь ойида Афғонистонда содир бўлган зилзилалар дастлаб кутилганидан ҳам оғирроқ оқибатларга олиб келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалалар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (ГМКБ) маълумотларига кўра, жабрланган аҳоли учун 2024 йил мартигача зарур бўлган ёрдам миқдори 93 миллион доллар эмас, 173 миллион долларни ташкил этади.

«Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида 7-15 октябрь кунлари содир бўлган учта зилзила кутилганидан ҳам кўпроқ зарар келтирган», — дейилади ГМКБ баёнотида.

Янги ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистоннинг тўққиз туманида табиий офатдан 275 минг киши жабр кўрган, дастлабки ҳисоб-китобларда бу рақам 114 мингни ташкил этганди.

Бошқарманинг таъкидлашича, 17 октабрда бошланган Ҳирот зилзиласини бартараф этиш бўйича 2024 йил мартигача бўлган 93 миллион долларлик режа «173 миллион долларгача қайта кўриб чиқилган».

«Бугунга қадар атиги 35,3 миллион доллар олинган, бу зарур ресурсларнинг 20 фоизини ташкил этади», — дея таъкидлайди ГМКБ. Қиш бошланишидан олдин очиқ ҳавода ёки вақтинчалик бошпаналарда яшовчи оилаларни қўллаб-қувватлаш учун зудлик билан қўшимча маблағ керак, дейилади хабарда.

ℹ️ 7 октабрь куни Ҳиротдан 40 км ғарбда 6,3 магнитудали зилзила содир бўлганди. Бу ҳодиса қўшни Бодғис ва Фараҳ вилоятларида ҳам сезилган. Кейин, АҚШ Геологик хизмати хабарига кўра, яна 5,9 ва 5,5 магнитудали бир неча силкинишлар содир бўлган. Табиий офат натижасида 2,4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ