Россия ИИВ Москва аэропортларида мигрантларнинг бармоқ изларини олишни бошлайди

сont.ws сайти фотосурати

Россия Ички ишлар вазирлиги яқин кунларда Москва аэропортларига келган мигрантларнинг бармоқ изларини олиб, уларни суратга туширишни бошлайди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

«Афсуски, биз ҳозирча чегарада бармоқ изларини олмаяпмиз, аммо Москва ҳукумати таклифларини инобатга олган ҳолда, яқин келажакда биз бу тажрибани қўллашни бошлаймиз. Москвадаги ҳар бир аэропортда [ташриф буюрувчиларни] бармоқ изларини олиш ва уларни суратга тушириш ишлари бошланади. Ва исми шарифини алмаштирувчи «чаққон» шахслар Россия Федерацияси ҳудудига кира олмайдилар», — деди Казакова IV Бутунроссия «Россия халқлари — миллий сиёсат: замонавий босқич» форумида.

Казакованинг эслатишича, Россияга кирувчи хорижликлар 2021 йил охиридан бошлаб бармоқ излари, суратга олиш ва тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. «Бундай бармоқ изларини олиш натижасида икки мингдан ортиқ жиноят фош этилди», – деди ИИВ Бош бошқармаси бошлиғи.

2021 йил 29 декабрдан кучга кирган қонунга кўра, Россия Федерациясига ишлаш мақсадида келган хорижликлар кирган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида ёки патент олиш учун ариза беришда дактилоскопия ва суратга олишдан ўтиши шарт. Узоқ муддатга (90 кундан ортиқ) бошқа мақсадларда келганлар буни кирган кундан бошлаб 90 календарь кун ичида амалга оширишлари мумкин. Россияда ишлаш учун рухсатномасиз ёки патентсиз ишлаш ҳуқуқига эга бўлган чет элликлар меҳнат шартномаси ёки ишни бажариш учун фуқаролик шартномаси тузилган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида, лекин мамлакатга кирган кундан бошлаб 90 календардан кечиктирмай бармоқ изларини топшириши ва фотосурат топширишлари лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ