Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовадан тортиб олинган 43,5 миллион доллар БМТнинг Ўзбекистонда оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтириш дастурини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Бу ҳақда Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси (Ишонч фонди) маълум қилди, дея хабар беради БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.
Дастур учта ташкилот — ЮНИCEФ, ЮНФПА ва ЖССТ томонидан биргаликда амалга оширилади. У 30 ойга мўлжалланган бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб 600 минг аёл ва янги туғилган чақалоқни қамраб олади. Дастурнинг асосий мақсадларидан бири кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга оширишдан иборат.
ℹ️ Uzbekistan Vision 2030 жамғармаси Гулнора Каримовага қарши қўзғатилган жиноий иш доирасида мусодара қилинган ёки доимий равишда мусодара қилинадиган активларни қайтариш учун фойдаланилади. Эслатиб ўтамиз, 2020 йил май ойида Франция Каримованинг 10 миллион долларлик активларини Ўзбекистонга қайтарган, ўша йилнинг сентябрида Швейцария Ўзбекистон билан 131 миллион долларни қайтариш бўйича рамка битимини имзолаган, 2022 йил февралида эса Франция яна 10 миллион долларни қайтарган эди. Ўша ойда Ўзбекистон ва Швейцария Каримова ва унинг шерикларининг Ўзбекистонга қайтарилган мол-мулкини оладиган БМТнинг кўп томонлама мақсадли жамғармасини тузишга келишиб олди. Келгусида мазкур маблағларни Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ), жумладан, қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш ва бошқа мақсадларга йўналтиришга қарор қилинган.
2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ўзбекистон биринчи президенти тўнғич қизининг хориждаги жиноий активларининг умумий миқдори қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил қилгани ҳақида хабар берганди.
ℹ️ Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва унга алоқадор компанияларнинг жиноий фаолиятини текшириш Европа давлатларида 2012 йили бошланган. Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириши эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний олишдан иборат бўлган. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йили Швейцария Каримовани айбдор деб топган ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилган.
2013 йили Ўзбекистонда Каримовага қарши давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик айби билан иккита жиноий иш очилган. Биринчи ҳолатда 2015 йили у беш йилга озодликни чеклаш жазосига маҳрум этилган, иккинчи ҳолатда 2017 йили 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо кейин жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
2020 йил март ойида Каримова жиноий ҳамжамият ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланган учинчи жиноий иш доирасида унга яна 13 йил қамоқ жазоси берилди. Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Тошкент вилоятидаги колонияда жазо муддатини ўтамоқда.