Наманган вилояти Жиноят ишлари бўйича Уйчи тумани суди Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган 28 ёшли маҳаллий фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди. Ёлланма аскарнинг жазоси тўрт йилга озодликни чеклашгача қисқартирилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Тергов ҳужжатларига кўра, ўзбекистонлик 2020 йили Россияга ишлаш учун кетган. У ўша ерда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноий ишга аралашиб қолган. 2022 йил ноябрь ойида мигрант етти йилга озодликдан маҳрум қилинган
2025 йил январь ойида маҳбус Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва Украинага қарши жанг қилишга розилик берган. Судланувчининг сўзларига кўра, унга ойига 130 минг рубль маош (тахминан 1800 доллар), 1,5 млн рубль (20 500 доллар), миқдорида бир марталик мукофот пули, шунингдек, афв этилиш ва Россия фуқаролигини олиш имконияти ваъда қилинган. Шартнома шартлари бажарилганми ёки йўқми, бу ҳақда маълумот берилмаган.
Судланувчи келишувни имзолагандан сўнг, Свердловск вилоятидаги ҳарбий полигонда 40 кунлик тайёргарликдан ўтган ва «оддий аскар» ҳарбий унвони билан хизматга киришган.
Унинг кўрсатмаларига кўра, Россиянинг Курск вилоятидаги жанговар операцияларда иштирок этган. У дрон ҳужумида оёғидан жароҳат олган ва 2025 йил кузигача даволанган. Соғлиғи сабабли таътилда бўлганида, ёлланма аскар Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси билан боғланиб, ватанига қайтиш учун сертификат олган ва ўтган йил октябрь ойида уйига қайтган.
Суд фуқарони Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми («Ёлланиш») билан айбли деб топган ва Жиноят кодексининг 57-моддасини («Енгилроқ жазо тайинлаш») қўллаган. Жазо тайинлашда суд унинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ҳамда оилада ягона боқувчи эканини инобатга олган. Шунингдек, унинг қарамоғида кекса ота-онаси борлиги ҳам енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.
Ҳукмга кўра, Украинадаги урушнинг собиқ иштирокчисига иш ёки ўқишдан ташқарида яшаш жойини тарк этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рухсатисиз Наманган вилоятидан ташқарига чиқиш тақиқланган.
ℹ️ Ўзбекистонда шунга ўхшаш суд жараёнлари бир неча бор хабар берилган. Баъзи ҳолларда судлар ёлланма аскарларни қамоқ жазосига ҳукм қилган, бошқаларида эса озодликдан маҳрум қилишни назарда тутмаган енгилроқ жазоларни қўллаган. Масалан, яқинда «Фарғона» Россия армиясида ошпаз бўлиб хизмат қилганини ва ҳеч қачон қўлига қурол олмаганини даъво қилган мигрант ҳақида хабар берганди. Ушбу иқрорга қарамай, фуқаро уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.



