Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси лойиҳалари ҳисоботлари ва реал ишлар ўртасидаги тафовутга эътибор қаратди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) лойиҳалари бўйича ҳисоботлар билан ишларнинг реал аҳволи ўртасидаги тафовутни қайд этди.

«Бугунги учрашувимиз арафасида биз Жамғарма доирасидаги лойиҳалар бўйича ўтган 30 йил давомида олиб борилган фаолият натижаларини таҳлил қилдик. Асосий дастурий ҳужжатларимиздаги қоидаларда ва лойиҳаларни бажариш борасидаги аниқ олдинга силжишни кўрсатадиган натижаларимизда фарқлар борлиги ўз-ўзидан равшан, албатта», — деди Мирзиёев 15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган ОҚХЖ таъсисчи Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, Оролбўйи мамлакатларига кўмак кўрсатиш бўйича тўртинчи дастурнинг ижроси билан ҳолатга хавотир билдирди.

Шу муносабат билан Жамғарма бошқарувига амалдаги Дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини беришни таклиф этди. Мирзиёевга кўра, ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, «йўл хариталари»ни, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлаш лозим.

Ўзбекистон раҳбари қуйидагиларни таклиф қилди:

👉 инвентаризация ўтказиш ва асосий ҳужжатлар ва келишувларни, жумладан, 1990-йилларда қабул қилинган Жамғарма Низомини кўриб чиқиш;

👉 ОҚХЖнинг асосий ҳужжатларига трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги умумеътироф этилган халқаро нормалар, тамойиллар ва ўзаро мажбуриятларни киритиш;

👉 жорий тузилмани биргаликда таҳлил қилиш ва жамғарма ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

👉 Жамғарманинг ҳамкорлик ва фаолияти масалаларини аниқ тартибга солувчи «Қоидалар ва тартиблар»ни ишлаб чиқиш;

👉 Жамғарманинг мавжуд тузилмаларининг ваколатларини кенгайтириш ва уларнинг кадрлар ва техник салоҳиятини мустаҳкамлаш.

👉 Жамғарманинг ишчи органларига халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Президенти Афғонистоннинг янги ҳукумати ўтган йилдан бери иш олиб бораётган Қўштепа канали қурилиши масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз. Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин», — дея огоҳлантирди Мирзиёев.

У «Қўштепа» каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатлардаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарурлигинитаъкидлаб, Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестициялар, технологиялар ва техник кўмакларни жалб қилиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

«Шу муносабат билан баъзи таклифларни илгари сурмоқчиман. Биринчидан, мамлакатларимизнинг ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши лозим. Раислик қилувчи томоннинг мувофиқлаштириши асосида инвестицияларни ва техник кўмакни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмларини ишлаб чиқиш зарур.

Иккинчидан, хорижий шериклар, етакчи халқаро институтлар ва донор ташкилотларни жалб этган ҳолда, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш мақсадида махсус минтақавий конференция ўтказишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

ℹ️ ОҚХЖ 1993 йил март ойида Орол денгизи ҳавзасидаги экологик офатни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида ташкил этилган. Жамғарманинг олий органи таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши ҳисобланади. ОҚХЖ мавжуд бўлган даврда Кенгашнинг 12 та йиғилиши ўтказилди, шу жумладан ҳозирги.

15 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Тўқаевдан ташқари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этишди. Иштирокчилар орасида Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиев ва БМТ Бош котибининг махсус вакили – БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам бор эди.

Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Саммит якунлари бўйича тўртта ҳужжат имзоланди: ОҚХЖ таъсисчилари давлат раҳбарларининг Душанбе баёноти, шунингдек Тожикистоннинг жамғармадаги раислиги якунлари бўйича, ташкилотнинг ташкилий тузилмалари ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорлар.

2024 йил 1 январдан бошлаб ОҚХЖга раислик уч йил муддатга Қозоғистонга ўтади, Қосим-Жомарт Тўқаев жамғарма президенти этиб сайланди. Тўқаев 2026 йили ОҚХЖ таъсисчилари давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини Қозоғистонда БМТ шафелигида минтақавий иқлим саммити билан бирлаштиришни таклиф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ