Тошкент вилоятида 24 нафар болалар боғчаси тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб касалхонага ётқизилди

norma.uz сайти фотосурати

Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 10-сонли давлат болалар боғчасининг 24 нафар тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган. Яна етти нафар болага биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйига жўнаб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистон Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қўмита маълумотларига кўра, 13 сентябрь куни соат 14:00дан бошлаб Ангрен шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига болалар олиб келинган. Эртаси куни кечқурунгача 10-сонли болалар боғчасининг бир неча ўнлаб тарбияланувчилари тиббиёт муассасасига мурожаат қилишган.

Барча болалар кўнгил айниши, қайд қилиш, тана ҳароратни кўтарилиши, тез-тез ич келишидан шикоят қилишган.

24 нафар бола «Овқатдан заҳарланиш ёки ошқозон фаолиятининг функционал бузилиши» бирламчи ташхиси билан ётқизилган.

Санэпидқўмита ходимлари томонидан лаборатор текширувлар учун юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган беморлардан ҳамда, болалар боғчаси омборхонасида сақланаётган озиқ-овқат махсулотларидан намуналар олинган.

Шифокорлар 240 нафар боғча тарбияланувчиларини кўрикдан ўтказган ва уларни рўйхатга олган.

Ангрен шаҳридаги 10-сонли болалар боғчаси вақтинча ёпилган.

Бундан аввал Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати 18 нафар бола овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот берган эди. Қолаверса, уларнинг 14 нафари 10-сонли боғча тарбияланувчилари бўлиб чиқди. Қолганлари Ангрен шаҳридаги бошқа муассасаларда: учтаси – 1-сонли мактабгача таълим муассасаси, бир нафари – 37-сонли мактабгача таълим муассасасига қарашли бўлган.

Ўзбекистонда болалар боғчаларида оммавий заҳарланиш ҳолатлари аввал ҳам қайд этилган. Масалан, 2019 йили учта ана шундай ҳодиса қайд этилган — Сирдарё вилоятининг Боёут туманида, Фарғонада ва Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ