Қозоғистон терма жамоаси ЕВРО-2024 саралаши гуруҳ босқичининг бешинчи турида ўз майдонида Финляндия терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, гуруҳда тўртинчи ўринга тушиб кетди.
Дания ва Шимолий Ирландия устидан қозонилган кетма-кет иккита ғалабадан сўнг мухлислар Магомед Адиев шогирдлари муваффақиятини давом эттиришини кутишганди, аммо Финляндия термаси юқори сифатли футбол намойиш этиб, «Астана»дан уч очкони тортиб олди.
Умуман олганда, ўйин тенг бўлган, бироқ айнан меҳмонлар бир нечта хавфли дақиқаларни яратиб, биринчи бўлимда гол уришган, аммо VAR текширувидан сўнг бу гол бекор қилинган. Икки марта қозоғистонликларни дарвозабон Шацкий қутқариб қолади, бироқ у ҳам 78-дақиқада Антман дарвоза бурчагига берган зарбасини тўсиб қололмайди. Қозоғистонликлар қарши ўйнашга ҳаракат қилишади, аммо бу натижа бермайди ва ўйин якуни финлар ихтиёрида қолади.
Н гуруҳидаги кетма-кет ўйинларда Дания Сан-Маринони 4:0, Словения эса Шимолий Ирландияни 4:2 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа, беш турдан кейин гуруҳдаги вазият қуйидагича: Финляндия – 12 очко, Дания – 10 очко, Словения – 10 очко, Қозоғистон – 9 очко, Шимолий Ирландия – 3 очко, Сан-Марино – 0 очко.
10 сентябрь куни бўлиб ўтадиган олтинчи турда Қозоғистон Шимолий Ирландияни қабул қилади, Финляндия Дания, Словения эса Сан-Марино меҳмони бўлади.
ЕВРО-2024 саралаши 2023 йил 23 мартидан 2024 йил 26 мартигача давом этади. Турнирда 10 гуруҳга бўлинган 53 та жамоа қатнашмоқда (Россия ҳукумати томонидан Украина ҳудудида СВО бошланганлиги сабабли Россия жамоаси мусобақадан четлаштирилган). Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита жамоа Европа чемпионатига йўлланма олади, қолган йўлланмалар эса 2024 йил март ойида Миллатлар лигаси гуруҳлари ғолиблари, жумладан Қозоғистон иштирокидаги плей-офф босқичида ўйналади.