Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига «ҳокимиятни босиб олиш иши» бўйича 30 дан ортиқ одам келтирилди

Роза Нурматова. МХДҚ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистонда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш мақсадида оммавий тартибсизликлар ва бўйсунмаслик ҳаракатлари уюштириш ниятида гумон қилинган бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда 24.kg агентлиги Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизматига таяниб хабар берди.

5 июн куни 30 дан ортиқ шахс МХДҚга олиб келинган. Жумладан, «Элдик Кенеш» сиёсий партияси раиси Роза Нурматова ва «унинг асосий сафдошлари Н.Р.С., И.Г.С., М.А.Ж. ва Д.Т.А.» лар. Улар айбига иқрор бўлишган ва тинтувлар чоғида «уларнинг жиноий ниятларини тасдиқловчи ашёвий далиллар олиб қўйилган», — дея хабар беради МХДҚ. Х. Уларнинг барчаси изоляторга юборилган.

Қўмитада айтилишича, жиноят иши олинган маълумотлар ва тўпланган аудио ва видео материаллар асосида қўзғатилган.

«Бу жиноий гуруҳ йил давомида мақсадли равишда ўз сафига тарафдорларни тўплаган ва мамлакат бўйлаб энг норози фуқароларни ўз сафига қўшган. Ташкилотчи ва ғоявий илҳомлантирувчи фуқаролик фаоли, «Элдик Кенеш» сиёсий партияси раиси Н.Р.С. Унинг раҳбарлигида ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш режаларини муҳокама қилиш билан алоқадор шахсларни давлат тузилмаларига қарши йўналтиришга қаратилган йиғилишлар мунтазам ўтказилиб келинган», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

Қўмита маълумотларига кўра, уюшган гуруҳга жамиятнинг турли қатламлари ва Қирғизистон вилоятларидан 100 дан ортиқ киши киритилган ва улар ўртасида аниқ вазифалар бўйича роллар тақсимланган.

«Яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий мансабдор шахсларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан маблағ олиниши кутилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Фитначилар жамиятда ҳар қандай воқеа юзасидан норозилик пайдо бўлганидан сўнг дарҳол ўзларининг жиноий режаларини амалга оширишнинг фаол босқичини бошлашни ният қилганлар», — дея қўшимча қилади давлат қўмитаси.

Хавфсизлик хизмати қўлга олинганларнинг давлат тўнтариш режасини муҳокама қилаётгани акс этган видеони эълон қилди. Жумладан, унда «ҳар қандай ҳолатда ҳам тартибсизликлар бўлади» деган Нурматованинг овози эшитилади.

«Бу ҳолатда ролимиз қандай бўлади? — деб сўради у. — Йигитлар бор, ҳар бирининг орқасида ўн киши бор. Масалан, бизда 10 000 дан тўлайдиганлар бор».

Нурматова нима қилиб бўлсаям бузиб ўтиш ва қўлга олиш кераклигини таъкидлайди. «Масалан, мен бунга ичимдан тайёрман. Қанча йигит борлигини аллақачон билишингиз керак, бизга ҳам рақам, жисмоний куч керак», — дея Нурматованинг сўзларидан иқтибос келтиради 24.kg.

Кадр ортида турган яна бир шахснинг айтишича, у 10 кишилик гуруҳ билан аллақачон Манас қишлоғини тарк этган. «Мен йигитларни йиғдим, жуда кеч эди. Мен уларни Таласда қолдирмоқчи эдим, улар хоҳламадилар, чунки пуллари йўқлиги маълум бўлди. Шунинг учун ҳаммани ўзим йиғдим. Бугун жуда кеч бўлди, эртага йиғилиш ўтказамиз», — дейди у.

ℹ️ Роза Нурматова ҳақида шу нарслар маълумки, ҳозирда Қирғизистон президенти ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимларини эгаллаб турган Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев тарафдорлари штабига 2012 йили раҳбарлик қилган. Илгари у Қирғизистон ҳукуматида ижтимоий сиёсат ва маданий ривожланиш бўлимига раҳбарлик қилган. У ўзини совет одами, эски асослар, урф-одат ва анъаналар ҳимоячиси деб билади, «Ғарб қадриятлари»га доим қарши чиқади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ