Тўқаев Челябинск – Болашак – Эрон йўналиши бўйлаб юк поездлари қатновини йўлга қўйишни таклиф қилди

Тўқаев Москвадаги ЕОИИ саммитида. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Челябинск-Болашак-Эрон йўналишида тезюрар юк поездларини йўлга қўйиш, шунингдек экспорт географиясини кенгайтириш учун Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларининг бошқа логистика имкониятларини ривожлантиришни таклиф қилди. Бу ҳақда сиёсатчи ЕОИИнинг Москвадаги саммитида айтиб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Россиядан Эронга темир йўл йўналиши мавзусини давом эттирар экан, Токаев Челябинскда консолидация марказини яратиш орқали «Шимол-Жануб» транспорт коридорини ривожлантириш мумкинлигини таъкидлади.

Республика раҳбари, шунингдек Қозоғистон Бейнеу-Манғистау темир йўл тармоғи ва Бейнеу-Шалкар автомобиль йўли участкасидаги тўсиқларни реконструкция қилишга тайёрлигини таъкидлади. Бу, Тўқаевнинг сўзларига кўра, ЕОИИ давлатлари ва йирик савдо ҳамкорлари ўртасида юк ташиш ҳажмининг ошишига олиб келади.

«Бахти-Аяғоз темир йўли қурилиши ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизнинг ёрқин намунасидир. Унинг ишга туширилиши Қозоғистон ва Россиянинг Хитой йўналишидаги имкониятларини сезиларли даражада оширади», — дея қўшимча қилди президент.

Тўқаев Россиянинг Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари йўналишида йўлаклар яратиш ниятини олқишлашини айтди.

«Шимолий-Жанубий транспорт йўлагини Транскаспий йўналиши билан биргаликда ривожлантириш зарурлиги тўғрисидаги тушунчалар пишиб етди, деб ҳисоблайман. Бу борада Қозоғистон ўзининг барча имкониятлари ва ресурсларидан фойдаланган ҳолда ЕОИИнинг ишончли логистика маркази сифатида ҳаракат қилади», — дея хулоса қилди Қозоғистон раҳбари.

У ЕОИИ мақсадларидан бири иттифоқ аъзолари ва учинчи давлатлар ўртасида энг қулай савдо шароитларини яратишдан иборат эканини эслатиб ўтди. Шу муносабат билан Тўқаев қуйидаги ҳамкорлар билан эркин савдо зонаси келишувлари устида ишлашни давом эттиришга чақирди:

➡️ БАА;

➡️ Ҳиндистон;

➡️ Миср;

➡️ Индонезия;

➡️ Исроил.

Тўқаев ЕОИИ давлатлари раҳбарларига мурожаат қилар экан, Қозоғистон ўзининг географияси ва имкониятларидан келиб чиқиб, Евроосиё саноат кооперациясини ривожлантириш маркази сифатида ҳаракат қилишга тайёрлигини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, булар электромобиллар, магистрал локомотивлар, вагонлар, қишлоқ хўжалиги ва йўловчи ташиш автомобиллари, қурилиш материаллари ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар бўлиши мумкин.

Қозоғистон раҳбари Россия билан ҳамкорликни алоҳида қайд этди.

«Биргина кейинги бир-икки йил ичида юк автомобиллари, магистрал дизел ва электровозлар, темир йўл саноати учун маҳсулотлар, шиналар ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилди. Олдинда бир қанча йирик лойиҳалар турибди», — деди Тўқаев.

Саммитда видеоалоқа орқали иштирок этган Ўзбекистон президенти (мамлакат ЕОИИда кузатувчи мақомига эга) Шавкат Мирзиёев ҳам логистика ривожи мавзусига тўхталиб ўтди. Хусусан, у иқтисодий иттифоқ давлатларини Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўли лойиҳасини ривожлантиришга қўшилиш ва шу орқали Марказий Осиё минтақасида муқобил транспорт коридорини яратишга таклиф қилди.

ℹ️ 24-25 май кунлари Москва шаҳрида Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар саммити бўлиб ўтди. Унда Россия президенти Владимир Путин, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, ЕОИИ кузатувчи-давлатларидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Куба президенти Мигель Марио Диас- Канель Бермудес иштирок этди. Саммитга таклиф этилганлар — Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ва ШҲТ Бош котиби Чжан Мин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди