Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби миллий энергетика компанияси (TAQA) Ўзбекистонда янги ва мавжуд электр станцияларига 3 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритиш нияти борлигини маълум қилди, деб хабар қилади компания матбуот хизмати.
TAQA Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат энергетика соҳасида стратегик сармоявий имкониятларни ўрганиш бўйича шартномалар имзолади.
Битимлар Толимаржон ИЭС ёнида қурилиши режалаштирилган қуввати қарийб 1,5 ГВт бўлган янги электр станцияси бўйича таклифларни ўз ичига олади.
«Янги ҳамкорлик TAQA томонидан лойиҳалаш, молиялаштириш, муҳандислик, харид қилиш, ишга тушириш, синовдан ўтказиш, эгалик қилиш ва электр станциясини ишлатишни қамраб олиши кутилмоқда», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
Шартномаларда умумий қуввати 3 ГВт дан ортиқ бўлган мавжуд ва янги газ билан ишлайдиган электр станциялари ҳамда Ўзбекистондаги электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш инфратузилмасига сармоя киритиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
Худди шу келишувни имзолаш маросимида TAQAга тегишли ADNOC ва Mubadala билан биргаликдаги Masdar компанияси Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан умумий қуввати 2 ГВт дан ортиқ қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва 500 мегаватт-соат энегияни сақлайдиган батареяларни бутун мамлакат бўйлаб бир нечта объектларга ўрнатиш бўйича битимлар имзолади.
ℹ️ TAQA — ADQ холдингига тегишли энергия компанияси бўлиб, дунёнинг 11 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади. Компания активларининг умумий қиймати 80 миллиард доллардан ошади.
ℹ️ Masdar Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр станциясини барпо этган компания ҳисобланади. Станция Навоий вилояти Кармана туманида қурилган ва 2021 йил 27 августда ишга туширилган. Унинг қуввати 100 МВт.
2023 йил охирига қадар Masdar Ўзбекистонда яна учта ФЭСни ишга туширади: Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт бўлган электр станцияси, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита станция қурилади. Компания 2025 йилгача Бухоро вилоятида қуввати 250 МВт бўлган Қуёш электр станциясини ишга туширишни режалаштирмоқда.