Россияда мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев 14 йилга озодликдан маҳрум этилди

Баҳром Ҳамроев. Ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган фотосурат

Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевни «терроризмни оқлаш» ва «террорчилик фаолиятини ташкил этиш»да айбдор деб топиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар беради.

«Суд Ҳамроевни 14 йилга қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилди, унинг уч йиллик жазоси қамоқхонада ўтказилиши керак», — дея суд матбуот котиби Ирина Жирновадан иқтибос келтирган агентлик.

Томонлар баҳсида айблов томони Ҳамроевни 21 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Ҳамроевга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 205.2-моддаси 2-қисми («Терроризмни оммавий оқлаш») ва 205.5-моддасининг 1-қисми («РФ қонунчилигига мувофиқ террорчи деб топилган ташкилот фаолиятини ташкил этиш») билан айбланган.

Тергов органлари маълумотларига кўра, Ҳамроев «Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломия»* халқаро террорчилик гуруҳи аъзоси ҳисобланади.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳамроевга нисбатан 2022 йил февраль ойи охирида жиноий иш очган. Хавфсизлик кучлари ҳуқуқ ҳимоячисининг ижтимоий тармоқлардаги постларини, айбловга кўра, «Ҳизб ут-Таҳрир» партиясини қўллаб-қувватлашини «терроризмни оқлаш» деб ҳисоблаган. 25 февраль куни Ҳамроев тергов изоляторига юборилган.

Ҳамроев иши бўйича иккинчи модда октябрь ойида маълум бўлди. Унга «Ҳизб ут-Таҳрир» билан алоқадорликда гумон қилиниб, таъқибга учраган мусулмонларга ёрдам бергани учун «террорчи ташкилот фаолиятини ташкил этиш» айби қўйилган.

Ҳамроев ўз айбини тан олмаган. У ўзи ҳеч қачон «Ҳизб ут-Таҳрир»га аъзо бўлмаганини, фақат унинг аъзоси деб ҳисобланганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатганини таъкидлаган.

Таъкидлаш жоиз, Ҳамроев сўнгги йилларда Россия расмийлари томонидан доимий равишда босим остида бўлган. 2016 ва 2017 йиллари ФХХ ходимлари унинг квартирасида тинтув ўтказишган. Аввалроқ, 2010 йили Ҳамроев ФХХ ходими томонидан калтакланган, 2011 йили унинг уйига кираверишда номаълум шахслар пистирмадан ҳужум қилишган. Ушбу ҳодисаларнинг ҳеч бири устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмаган.

2018 йили ҳуқуқ ҳимоячиси ўз квартирасида икки хорижликни сохта рўйхатга олишда айбдор деб топилиб, 200 минг рубль миқдорида жаримага тортилган. 2019 йили Ҳамроев Тожикистондаги сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан Қизил майдонда бир кишилик пикет ўтказгани учун ҳибсга олинган ва кейинчалик жаримага тортилган (бу Тожикистон президентининг Москвага ташрифи кунларида содир бўлган). Орадан бир неча ой ўтгач, ҳуқуқ фаоли Москвада «Адолатли сайловлар учун» акциясини ташкиллаштиришда иштирок этганликда айбланиб, яна ҳибсга олинган ва жаримага тортилган.

ℹ️ Бахром Ҳамроев 1963 йил 12 октябрда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. 1980 йилларнинг охири — 1990 йилларнинг бошларида Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати фаоли бўлган. Сиёсий таъқиблар туфайли 1992 йили ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳамроев Россияга кўчиб ўтган ва у ерда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғуллана бошлаган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ