Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаган ходим раҳбарлик қилади

Жаҳонгир Ҳидайхўжаев. Бандлик ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими Жаҳонгир Ҳидайхўжаев Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) раҳбари этиб тайинланди, деб хабар беради республика Бандлик ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати.

Агентликнинг янги раҳбари ҳақида маълумотлар кам. Маълумки, у 1979 йили Тошкент вилоятида туғилган. Илгари Ташқи ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда, жумладан, вазир маслаҳатчиси – Ташқи ишлар вазирлиги ижро аппарати раҳбари лавозимларида ишлаган.

2019 йили «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти экспертлари Ҳидайхўжаевни сўнгги уч йил ичида тайинланган Ўзбекистондаги энг истиқболли ва илғор 35 нафар ёш менежерлар рўйхатига киритган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари лавозими аввалги раҳбар Афзал Эрматов ҳибсга олинганидан бери бўш турган эди. Эрматов шу йилнинг бошида ҳибсга олинган, бироқ март ойидагина департамент бу маълумотни тасдиқлаган. Мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш») билан иш қўзғатилган.

Қайд этилишича, Эрматов сўнгги беш йил ичида ТММАнинг еттинчи раҳбари бўлган.

Кадрлар алмашинуви ушбу тузилма мамлакатдаги энг коррупциялашган тузилмалардан бири эканлиги билан изоҳланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Боймурод Юсупов 2021 йили маълум қилганди.

«Агентлик раҳбарлари ҳам коррупцияга ботган <...> Бу ташкилот кетаётган муҳожирлардан миллионлаб пул ундиради»,деб ғазабланганди парламент аъзоси.

2018 йили бошланган шов-шувли жиноий иш ТММА билан боғлиқ бўлганди. Шундан сўнг Бош прокуратура ходимлари бошқарма бошлиғи Равшан Иброҳимов, унинг ўринбосари Улуғбек Назаров ва яна бир қанча мансабдор шахсларни ҳибсга олган. Улар Жанубий Кореяга боришни истаган ҳар бир кишидан 5 минг доллар талаб қилишда айбланишган. Шу билан бирга, агентлик директори ва унинг ўринбосари пора олаётган вақтида жиноят устида ушланган.

2019 йилнинг августида Иброҳимов ва Назаров 12 йилга, бошқа айбланувчилар эса 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ