Human Rights Watch Қирғизистон ҳукуматини «Кампир-Обод иши» бўйича маҳбусларни озод қилишга чақирди

«КАМПИР-ОБОД ИШИ» БЎЙИЧА ФИГУРАНТЛАРНИНГ ОЗОД ЭТИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН МИТИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИ. 2023 ЙИЛ 17 МАРТ. AZATTYK.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариши ва «Кампир-Обод иши» бўйича ҳибсга олинганларнинг барчасини зудлик билан озод қилиши керак. Бу ҳақда 20 март куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

HRW мазкур иш бўйича айбланувчилар ўз фикрини билдириш ва йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланган фуқаролар эканлигини ва улар умуман тергов изоляторига жойлаштирилмаслиги ва у ерда қолдириш керакмаслигини таъкидлади. Ҳибсга олинганлар ҳар бир иши бўйича тергов самарали ва ўз вақтида якунланган ҳолда озод этилиши ҳамда уларга қонунга хилоф равишда ушлаб турилганликлари учун товон пули тўланиши керак.

Ҳозирда тергов ҳибсхонасида 22 нафар фуқаролик фаоли, блогер, журналист ва сиёсатчи сақланмоқда, улар 2022 йил 23 октабрда Кемпиробод (Андижон) сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққани учун ҳибсга олинган.

«Улар деярли беш ойни узоқ муддатли ҳибс учун яроқсиз бўлган муассасаларда панжара ортида ўтказдилар, гарчи халқаро қонунлар терговгача қамоқни истисно тариқасида ва имкон қадар қисқа муддатда қўллашни назарда тутса ҳам», — дея таъкидлайди HRW.

HRW таҳлилчиларининг таъкидлашича, барча ҳибсга олинганларга «махсус тергов натижасида олинган далиллар» асосида оммавий тартибсизликларни тайёрлаш ва уюштириш айби қўйилган.

«Аудиомонтаж ҳибсга олинганларнинг айримларини чегара бўйича мунозарани ҳукуматни ағдаришга уринганликда айблаш учун қилинган кўринади. 18 январь куни уларнинг барча жиноий ишлари маҳфийлаштирилди, бу эса мустақил мониторингни имконсиз қилди», — дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари баёнотида.

Уларга кўра, «Кампир-Обод иши» Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига тўғри келмайдиган процессуал қонунбузарликлар билан тўла.

«Бу иш, шунингдек, саломатлиги яхшимас ёки ҳибсхоналардаги ёмон шароитлар туфайли соғлиғи оғирлашган маҳкумларга нисбатан ҳокимиятнинг ноинсоний муносабатини кўрсатди. Ҳибсга олинганлар га яқинлари билан учрашишга рухсат берилмаган, уларнинг қариндошлари, фарзандлари қамоқ муддатини узайтириш учун учта суд мажлисидан бирида уларни фақат панжара орқали кўриш имконига эга бўлишган», — деб таъкидлайди HRW.

«Кампир-Обод иши» бўйича айбланувчилар, агар айблари исботланса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

HRW Қирғизистоннинг халқаро ҳамкорларини қирғиз ҳукуматини ноқонуний ҳибсга олинган фаолларни озод қилишга ва адолатли суд жараёнини кафолатлашга чақиришлари зарур, деб ҳисоблайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди