Нью-Йоркда теракт уюштирган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади

Саипов судда. Reuters сайти иллюстрацияси

2017 йили Нью-Йоркда теракт уюштирган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов устидан суд жараёнида иштирок этган ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси учун зарур бўлган бир овоздан ҳукм чиқара олмагани боис судланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу ҳақда «Ал Жазира» телеканали хабар берди.

Аввалроқ, шу йилнинг 26 январида ҳакамлар ҳайъати Соиповни 28 та модда бўйича, жумладан, қотиллик, қотилликка суиқасд ва хорижий террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича айбдор деб топганди. Кейин ҳакамлар ҳайъати айбдор шахс ўлим жазосига лойиқми ёки йўқлигини кўриб чиққан.

Улар баралла бир қарорга кела олмагани учун, қонунга кўра, жазо сифатида ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Судя бундай ҳукмни мажбурий равишда чиқариши керак ва бу қарорни юмшата олмайди. Ҳукмни эълон қилишнинг расмий тартиби кейинроқ амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, ўлим жазоси Нью-Йорк штатида 50 йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилмаган.

ℹ️ Саифулло Соипов 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2010 йили у Green Card лотереясини ютиб олади ва АҚШга кўчиб ўтади. Танишлари уни диндорлиги билан ажралиб турмайдиган оддий одам сифатида тавсифлашган. АҚШда Соипов оила қуриб, юк машинаси ҳайдовчиси, кейинроқ Uber ҳайдовчиси бўлиб ишга жойлашади.

2017 йил 31 октабр куни Соипов пикап машинасини Гудзон дарёси соҳилидаги Нью-Йорк кўчаларидан бирида велосипедчилар учун ажратилган йўлак бўйлаб катта тезликда ҳайдаб, йўлида дуч келган одамларни бостириб кетади. АҚШ расмийлари теракт деб атаган ҳужум натижасида 8 киши ҳалок бўлган, 10 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жиноятчининг ўзи яраланган ва ҳибсга олинган. Соипов «Ироқ ва Шом ислом давлати»* (ИШИД) террорчилик гуруҳи мафкураси таъсирида ҳаракат қилганини тан олган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилот Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ