Ўзбекистонда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари боғча ва олий ўқув юртларига бепул қабул қилинади

sputniknews.uz сайти фотосурати

2023 йил 1 июндан Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига бепул, коллеж ва олий ўқув юртларига эса давлат гранти ҳисобидан қўшимча квоталар бўйича ўқишга қабул қилинади. Бундай норма республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 мартдаги қарорида кўзда тутилган.

Давлат раҳбари, шунингдек, ҳалок бўлган хавфсизлик хизмати ходимларининг ота-оналари йилига икки марта темир йўл ва ҳаво транспортидан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлиш тартибини тасдиқлаш бўйича топшириқ берди.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига хизматни ўтаган масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади, юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.

Уларга, шунингдек навбатдаги йиллик меҳнат таътилидан қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, йилига икки ҳафтагача муддатга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиш ҳуқуқи берилади.

1 апрелдан бошлаб ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади.

Президент Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва вилоятлар ҳокимликларига маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларига ҳар ойлик тўловларни — энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан (460 минг сўм ёки 40 АҚШ доллари) кўп бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқини берди.

Шунингдек, давлат мажбурий суғуртаси бўйича қўриқлаш органи мансабдор шахсининг ўлими учун тўланадиган сумма 200 та базавий ҳисоблаш миқдорида (60 миллион сўм ёки қарийб 5300 АҚШ доллари) белгиланиши таъкидланди.

Мирзиёев шу йил 1 майдан бошлаб қуйидаги топшириқларни берди:

👉 оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланади;

👉 оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;

👉 белгиланган тартибда тураржойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, тураржой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади;

👉 қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) тураржой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;

👉 ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади (мулкида тураржой бўлмаган тақдирда).

Фармонда кўрсатилган имтиёзлар Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ва Электрон технологияларни ривожлантириш маркази ҳар бир ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) нинг оила аъзоларига нисбатан қўлланилади.

Тегишли идоралар боқувчисиз қолган оилаларни оталиққа олиб, уларга кўрсатилаётган ёрдам тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини мунтазам равишда хабардор қилиб бориши шарт.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ