Тошкент вилоятидаги «Чимён» курорти Франциянинг MND компанияси томонидан қурилади

MIIT.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Франциянинг Montagne et Neige Développement (MND) компанияси Тошкент вилоятидаги «Чимён» мавсумий дам олиш маскани объектларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича ўтказилган очиқ тендер ғолиби бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

«Белдерсой – Чимён – Нанай» халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича лойиҳа офиси давлат унитар корхонаси томонидан эълон қилинган Франция ғазначилиги иштирокидаги «Чимён туристик зонасини қуриш» лойиҳаси доирасида «Чимён» умуммавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, тадқиқ қилиш, қуриш бўйича очиқ танлов якунига етказилди.

Француз компанияси дам олувчиларни 2515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик асосий осма йўли (максимал қуввати — 2000 киши/соат) ва 3309 метр баландликка чиқадиган маятник типидаги 80 кишилик оралиқ осма йўлини (максимал сиғими — 800 киши/соат) қуради.

Мазкур осма йўл Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтадаги иншоот бўлади.

Шунингдек, 20 турдан ортиқ қишки ва ёзги аттракционлар ташкил этилади, жумладан:

❄️ XXL Zip line;

❄️ Alpine coaster;

❄️ Adventure tower;

❄️ Tubing;

❄️ Via ferrata.

Montagne et Neige Développement умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган турли қийинчилик даражасидаги 11 та чанғи йўлакларини жиҳозлайди, 6000 та сайёҳлик жойлари учун меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қуради.

Қайд этилишича, меҳмонхоналар қурилиши ерларни участкаларга бўлиш ва E-IJRO AUKSION савдо майдончаси орқали инвесторларга сотиш йўли билан амалга оширилади.

«Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида мамлакатимиз аҳолисига ҳам, хорижлик меҳмонларга ҳам очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришнинг ҳар хил турларини таклиф этадиган халқаро даражадаги умуммавсумий мажмуаси ташкил этилади», — дейилади ИССВ хабарида.

MND — тоғли жойларда туризм соҳасида умуммавсумий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда осма йўлларидан шаҳарларда, саноат объектларида ва маиший мақсадларда фойдаланиш бўйича кенг кўламли хизматлар кўрсатишда жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, компания Куршевел, Шамони -Мон-Блан, Роза Хутор, Босcо Гурин, Молесон, Нарвик ва бошқалар каби бутун дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.

Ўтган йил февраль ойида Франция компаниялари консорциуми Тошкентдаги «Белдерсой-Чимён-Нанай» курорт ҳудуди лойиҳасини тақдим этган эди. Лойиҳа қиймати 480 миллион долларга баҳоланган бўлиб, у Франция ғазнаси ҳамда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилиши таъкидланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ