Ўзбекистон терма жамоаси футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё кубогида илк ғалабани қўлга киритди

Ўзбекистон ёшлар терма жамоси. championat.asia сайти фотосурати

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 1 март куни Тошкент ва Фарғона шаҳарларида бўлиб ўтаётган U-20 Осиё кубоги гуруҳ босқичининг биринчи турида Суриядан келган тенгдошларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Учрашув бошиданоқ ўзбекистонликлар назоратни қўлга олишган бўлса-да, биринчи бўлим охирига келибгина ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. 37 дақиқада Аббосбек Абдуллаев жарима зарбасидан аниқ ва чиройли тарзда тўпни сурияликлар дарвозабони Максим Сарраф дарвозасига йўллади. Иккинчи гол 68 дақиқада киритилди. Аббосбек Абдуллаевнинг бурчак зарбасидан кейин Заакария Ал-Рамадан тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Ўзбекистон «ёшлар жамоаси» устози Равшан Ҳайдаров барчани футбол байрами бошланиши билан табриклаб, шогирдлари адолатли ғалабага эришганини таъкидлади.

«Биз уч очко олганимиз муҳим. Энди кейинги ўйинларга тайёргарликни бошлаймиз. Биз ҳам жисмоний тикланишни бошлаймиз. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим. Бу ғалаба ҳозирча ҳеч нарсани англатмайди», — деди Ҳайдаров.

«А» гуруҳининг параллел ўйинида Ироқ терма жамоаси Индонезиядан устун келди. Шу тариқа, квартетда биринчи ўринни Ўзбекистон ва Ироқ бўлишди. 4 март куни бўлиб ўтадиган 2-турда бу жамоалар ўзаро баҳс олиб боришади, Индонезия эса Сурия билан тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни «С» гуруҳи 1-турида Тожикистон терма жамоаси Иордания билан ўйнаса, 3 март куни «Д» гуруҳидан ўрин олган Қирғизистон терма жамоаси Саудия Арабистони билан баҳс олиб боради.

1 мартдан 18 мартгача Тошкент ва Фарғона майдонларида U-20 Осиё кубоги бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Ҳар бир гуруҳдан иккита жамоа плей-офф босқичига чиқади. Энг яхши тўртта жамоа 2023 йилда Индонезияда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ